Лондонда бадавлат россиялик бизнесмен ҳибсга олинди. Бу Фридман бўлиши мумкин

Жаҳон 21:38 / 03.12.2022 10910

Буюк Британиянинг Жиноятчиликка қарши курашиш миллий агентлиги (NCA) «бадавлат россиялик тадбиркор» пул ювиш, Ички ишлар вазирлигини алдаш ва ёлғон кўрсатма бериш учун тил бириктириш каби жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Агентлик сайтида ёзилишича, 58 ёшли эркак 1 декабр, пайшанба куни Лондондаги қароргоҳида NCA клептократияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган. 

Бинода ишлаган 35 ёшли эркак ҳам ҳибсга олинган. У бир неча минг фунт нақд пул солинган сумка билан бинодан чиқишга уринган. 

Яна бир маҳбус, 39 ёшли эркак Лондондаги уйида бир қатор жиноятлар, жумладан, пул ювиш ва фирибгарлик учун тил бириктирганликда гумонланиб ҳибсга олинган. 

Россиялик тадбиркорнинг миллионлаб фунт стерлинг турадиган уйини тинтув қилиш чоғида бир нечта рақамли қурилмалар ва катта миқдордаги нақд пул мусодара қилинган. 

Ҳибсга олинганлар NCA томонидан сўроқ қилинган ва кейинчалик гаров эвазига қўйиб юборилган. Агентлик «россиялик бадавлат тадбиркор» ва бошқа иштирокчилар исмини ошкор қилмади. 

Баъзи маълумотларга кўра, бу тадбиркор санкциялар остида бўлган россиялик олигарх Михаил Фридман бўлиши мумкин. У ҳам 58 ёшда ва Лондондаги Athlone House қароргоҳида яшайди. 

Михаил Фридман Россиянинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади. У бир қатор компанияларда, хусусан, «Альфа Групп»да ўз улушига эга. 2015 йилдан бери Фридман Буюк Британия резиденти бўлиб, 2016 йилда Лондондаги Athlone House вилласини 65 миллион фунт стерлингга сотиб олган. 

Россия томонидан Украинага қарши бошланган уруш туфайли «Альфа Групп» асосчилари (Михаил Фридман, Пётр Авен ва Герман Хан) Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг санкцияларига тушган. 

Кўпроқ янгиликлар