Макрон ва Байден Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида

Жаҳон 07:26 / 02.12.2022 2398

АҚШ ва Франция ҳамда уларнинг иттифоқчилари Россияни Украинага қарши тажовуз учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 1 декабрь, пайшанба куни Вашингтонда расмий ташриф билан бўлиб турган Франция президенти Эммануэл Макрон билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Бугун биз яна бир бор тасдиқлаймизки, Франция ва Қўшма Штатлар барча иттифоқчиларимиз – НАТОдаги иттифоқчиларимиз ва G7 давлатлари, Европа Иттифоқи билан биргаликда Россиянинг Украинага қарши шафқатсиз урушига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ куч билан қарши туришади», — деди Америка президенти.

Байден ва Макрон Оқ уйдаги учрашувдан сўнг эълон қилган қўшма баёнотда, шунингдек, иккала давлат ҳам Россиянинг Украинадаги «кенг ҳужжатлаштирилган ваҳшийлик ва уруш жиноятлари учун» жавобгарликка тортилишини таъминлашга ҳаракат қилишлари кўрсатилган.

Сиёсатчилар, шунингдек, қишда Украинани қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар. Бошқа нарсалар қаторида, гап Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, шунингдек, энергетика инфратузилмаси объектларини таъмирлаш учун ускуналарни етказиб беришни кучайтириш ҳақида бормоқда. 100 минг украиналик қочқинни қабул қилгани учун Францияга миннатдорчилик билдирган Байден, Франция ҳам, унинг мамлакати ҳам Украинага «керак бўлганича» ёрдам беришга тайёр бўлишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга принципиал тайёрлигини маълум қилди. Бироқ, бу учрашувнинг зарурий шарти унинг урушни тўхтатишга бўлган қизиқиши бўлиши керак, Байден, ўз сўзлари билан айтганда, Путинда ҳали буни кўраётгани йўқ. Шу билан бирга, АҚШ президенти иттифоқчиларнинг розилигисиз Россия президенти билан эҳтимолий учрашув бўйича музокаралар олиб бормасликка ваъда берди.

«Агар қизиқиш бўлса, Франция ва НАТОдаги дўстларим билан маслаҳатлашганимдан сўнг музокаралар столига ўтиришдан хурсанд бўламан», — деди у ва яқин келажакда Россия президенти билан ҳеч қандай алоқа ўрнатишни режалаштирмаётганини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Эммануэл Макрон Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида журналистлардан бирининг саволига жавоб берар экан, «президент Путин билан мулоқотда давом этишини» тасдиқлади. «Биз доимий равишда кескинлашувнинг олдини олишга ва аниқ натижаларга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз, шунинг учун мен у билан атом электр станцияси, жумладан Запорижжя хавфсизлиги ҳақида гаплашаман. Сўнгги бир неча ой ичида биз Чернобил АЭС бўйича ҳам ишладик, бу муҳим иш жаноб Гросси ва АЭХА томонидан амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди Макрон.

У урушнинг кейинги бориши ва Россия билан мумкин бўлган тинчлик музокаралари бўйича қарорларни Киев қабул қилиши кераклигини қўшимча қилди.

Франция президенти Эммануэл Макрон ва АҚШ президенти Жо Байден муросага кела олмаган мавзу АҚШда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган ва Америка товарларидан фойдаланадиган корхоналар учун субсидиялар ва солиқ имтиёзларини назарда тутувчи инфляцияга қарши қонун бўлди.

Байден ҳужжатни президентлик давридаги катта ютуқ деб билади ва бу Америка саноатини рағбатлантириш ва уни хорижий рақобатдан ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Ўз навбатида, Макрон бу қонунни қаттиқ танқид қилиб, унинг оқибати кўплаб корхоналарнинг Европага сармоя киритишдан бош тортиши бўлишини таъкидлади. «Қабул қилинган қарорлар Ғарбни бўладиган қарорлардир», - дея огоҳлантирди у бу борада.

Ўз навбатида, Байден бу қонун учун «узр сўраш» ниятида эмаслигини айтди. Сиёсатчи Қўшма Штатларнинг дунёнинг исталган нуқтасида таъминот занжирларига қарам бўлишни истамаслиги билан кўрилаётган чора-тадбирларни тушунтирди ва Европа ҳам худди шундай мақсадни кўзлаётганини ва буни амалга ошириши мумкинлигини айтди.

Эммануэл Макрон 30 ноябрдан бери АҚШда ташриф билан бўлиб турибди. У икки йиллик коронавирус пандемиясидан сўнг Оқ уйда Байден томонидан шахсан қабул қилинган биринчи давлат раҳбари бўлди.

Кўпроқ янгиликлар