Европа Иттифоқи Маскдан Twitter’да ёлғон маълумотларга қарши курашишни талаб қилди

Жаҳон 11:47 / 01.12.2022 2718

30 ноябрь куни Европанинг ички бозор бўйича комиссари Тьерри Бретон видео-алоқа орқали Илон Маскка қўнғироқ қилди ва унга яқинда сотиб олинган Twitter микроблоглар платформаси учун талаблар рўйхатини эълон қилди. Гап, хусусан, аввалроқ тақиқланган фойдаланувчиларни «ўзбошимчалик билан» блокдан чиқаришни рад этиш, нотўғри маълумотларга қарши «тажовузкор» кураш ва келаси йилга қадар платформанинг «кенг мустақил аудити»га розилик бериш ҳақида бормоқда, деб ёзади Financial Times. 

Акс ҳолда, дея огоҳлантирди Брентон, ЕИ регуляторлари Twitter Европа Иттифоқининг яқинда қабул қилинган рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунида (Digital Services Act, DSA) белгиланган стандартларга жавоб бермайди деган хулосага келиши мумкин. Бундай ҳолда, мини-блоглар хизмати глобал айланмасининг 6 фоизи миқдорида жаримага тортилиши ёки бутун Европа Иттифоқи ҳудудида блокланиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун Twitter «кўп иш қилишига» тўғри келади, деди Европа комиссари. 

Маск DSA’ни «жуда оқилона» деб атади ва Twitter барча қонуний талабларни бажаришига ваъда берди. Айни пайтда, ЕИ раҳбарияти, FT маълумотларига кўра, Маск ноябрь ойида ўзининг 7500 ходимлари ярмидан кўпини ишдан бўшатганидан кейин платформада буни амалга ошириш учун етарли инсон ресурслари йўқлигидан хавотирда. 

Маск узоқ давом этган музокаралардан сўнг 28 октябр куни Twitter’ни сотиб олиш бўйича келишувни якунлаганини эълон қилди. 20 ноябрь куни у АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг аккаунтини блокдан чиқарди, унга тарафдорлари 2021 йил январида Капитолийга бостириб кирганидан кейин микроблоглар хизматидан фойдаланиш тақиқланган эди. 

Аввалроқ Маск Financial Times нашрига берган интервьюсида Трампнинг аккаунтини блоклаш қарорини хато деб билишини, чунки бунинг натижасида собиқ президент «ўз овозини йўқотмагани»ни айтган эди. Twitter янги эгаси доимий тақиқлар фақат ботларга, фирибгарларга ёки спамерларга қарши қўлланилиши керак, деб ҳисоблайди. 

АҚШнинг Хорижий инвестициялар қўмитаси Маскнинг Twitter’ни сотиб олиш бўйича келишуви билан қизиқишни бошлаши мумкин, деди молия вазири Жанет Йеллен The New York Times газетасига. Унинг сўзларига кўра, ушбу битимда хорижий капитал иштироки миллий хавфсизликка таҳдид соладими ёки йўқми, шуни текшириш керак. Маскка Twitter’ни сотиб олиш учун пулни Саудия шаҳзодаси Ал-Валид бин Талал қарзга берган. 

Кўпроқ янгиликлар