Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари 15 йил ўтиб, ўзаро ўртоқлик ўйини ўтказади

Спорт 19:00 / 10.10.2022 19941

ЎФА хабарига кўра, Тошкентдаги йиғин доирасида Сречко Катанец шогирдлари Қозоғистон миллий жамоасига қарши халқаро ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Учрашув 16 ноябрь куни соат 18:00 да «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

«Осиё кубогига тайёргарлик кўраётган миллий жамоамиз учун сўнгги пайтларда ЎФA томонидан кучли спаринг-шериклар танлаб келинмоқда. Қўшниларимиз Европа Миллатлар лигасида муваффақиятли қатнашиб, «В» лига йўлланмасини қўлга киритишди. Минтақамиздаги энг кучли жамоалар баҳси, ўзига хос дерби футбол мухлислари томонидан узоқ кутилган ва катта қизиқиш уйғотадиган воқеага айланиши шубҳасиз», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Қозоғистон миллий жамоаси Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйини ўтказишдан воз кечган эди. Ўшанда қозоғистонликлар устози, чехиялик мутахассис Михал Билек УЕФА аъзосининг Осиё жамоалари билан ўртоқлик ўйинини ўтказишида маъно йўқлигини айтган ва баҳснинг бекор қилинишига эришгани айтилганди. 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари сўнгги марта 2007 йилда, Чимкент шаҳрида ўтказилган «Алма-ТВ Кубоги» доирасида тўқнаш келишган ва ҳакамлик можароси билан ўтган ўйин 1:1 ҳисобида якунланган эди. Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида Қозоғистон билан 6 марта ўйнаган ва 2 марта ғалаба қозониб, 1 марта ютқазган. 3та баҳс дуранг натижа билан якунланган.

Кўпроқ янгиликлар