Сурия қирғоқлари яқинида кема чўкиши оқибатида 60 киши ҳалок бўлди

Жаҳон 15:50 / 23.09.2022 5232

Суриянинг Тартус шаҳри қирғоқларида муҳожирлар бўлган кеманинг чўкиб кетиши натижасида 60 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, яна 70 киши бедарак йўқолди, деб хабар бермоқда dpa 23 сентябр, жума куни.

Сурия матбуотига кўра, кема 20 сентябр куни Ливандан жўнаб кетган. Унинг бортида Сурия, Ливан, Фаластин фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги номаълум бўлган одамлар бўлган. Омон қолганлардан бирининг сўзларига кўра, йўловчилар сони 150 га яқин кишини ташкил қилган. 

«Улар Европага боришмоқчи эди, Ливанни тарк этишни хоҳлашганди, чунки яшаш шароити чидаб бўлмас даражада», деди тирик қолган йўловчилардан бирининг қариндоши dpa нашрига. Сўнгги маълумотларга кўра, 21 киши қутқариб олинган, қутқарув операцияси давом этмоқда. 

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги маълумотларига кўра, олти миллионга яқин аҳолига эга Ливанда 1,5 миллионга яқин суриялик қочқин ва бошқа мамлакатлардан келган деярли 14 минг қочқин бор. Мамлакат аҳоли жон бошига қочқинлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. 

Ливанлик қочқинлар мамлакатдаги мисли кўрилмаган молиявий инқироз туфайли мунтазам равишда Кипр ва Европа иттифоқи бошқа мамлакатларига қайиқда етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Ливанни ноқонуний тарк этмоқчи бўлганларнинг аксарияти - урушдан у ерга қочган суриялик қочқинлар. 

Кўпроқ янгиликлар