Россиянинг қўшни мамлакатлар билан чегараларида кўп километрлик навбатлар юзага келди

Жаҳон 12:29 / 23.09.2022 28691

21–22 сентябр кунлари ижтимоий тармоқларда Россия чегара пунктларида, асосан Грузия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Финландия билан чегарада автомобил тирбандликлари юзага келгани акс этган кўплаб видеоёзувлар ҳамда суратлар тарқалди. ОАВ ва телеграм-каналлар буни РФ президенти Владимир Путин томонидан 21 сентябр куни эълон қилинган сафарбарлик билан боғламоқда. Чегарада аввал ҳам кўп километрлик навбатлар кузатилган, аммо сўнгги кунларда бу муаммоли ҳолатга айланди.

Грузия

Россия ва Грузия ўртасидаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пункти орқали 22 сентябр куни соат 12:00 ҳолатига 10 соатда ўтиш мумкин бўлган, грузиялик блогер Николай Левшицнинг айтишича, 21 сентябр куни бу муддат уч соатни ташкил этаётганди. «Эхо Кавказа» («Озодлик радиоси» лойиҳаси) «Верхний Ларс»да автомобиллар тирбандлиги акс этган видеоларни тарқатди.

Чегарани автомобилда кесиб ўтиш кўп вақт олади, пиёда кесиб ўтиш эса мумкин эмас, шу туфайли россияликлар бу иш учун самокатлар сотиб олишмоқда.

Шимолий Осетия ФВВ 22 сентябр куни «назорат-ўтказиш пунктлари штат режимида ишлаётгани»ни маълум қилди.

Қозоғистон

Гувоҳларнинг суратларига кўра, Оренбург областидаги «Маштаково» пунктида ҳам (Самарадан 190 километр масофада) кўп километрларга чўзилган навбатлар юзага келган. Кўплаб одамлар чегарагача таксида етиб олишмоқда ва чегарадан пиёда ўтишмоқда. Тольяттида яшовчи россиялик Қозоғистоннинг «Мой город» нашрига берган интервьюсида «сафарбарлик эълон қилиниши биланоқ» мамлакатдан кетишга қарор қилгани ҳақида айтган. Челябинск областидаги «Бугристое» пунктида ҳам навбатлар юзага келган, бу ҳақда BBC рус хизматига чегарадан ўтиб келган россияликлардан бири айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, асосан ёш йигитлар ўтирган 100 дан ортиқ автомобилни кўрганини айтган.

23 сентябр куни Қозоғистон чегара хизмати Россия билан чегарада республика ҳудудида кириб келувчи хорижликлар сони кескин ошгани ва қатор назорат-ўтказиш пунктларида транспорт ва йўловчилар оқими ошганини маълум қилди.

Мўғулистон

Видеоёзувларга кўра Бурятиядаги «Кяхта» чегара пунктида ҳам навбатлар ҳосил бўлган. «Кяхта» Иркутскдан 520 километр, Улан-Удэдан 230 километр масофада жойлашган. 21 сентябр куни кундузи «Кяхта» телеграм-канали Россия-Мўғулистон чегарасида «катта ажиотаж кузатилаётгани» тўғрисида хабар берди. 22 сентябр куни Мўғулистон ТИВ бу чегара ўтиш жойида навбатлар йўқлиги, назорат-ўтказиш пункти одатий режимда ишлаётганини маълум қилди.

Финландия

21 сентябр куни кечқурун, Петербургнинг «Фонтанка» нашри ёзишича, Ленинград областидаги чегара пунктларида навбатлар юзага келган, тунда тирбандлик бир неча километрга чўзилган. Финландияга ўтаётган одамларнинг сўзларига кўра, бунгача кечаси чегарада навбатлар кузатилмасди, энди улар чегарадан ўтиш учун беш соатгача вақт сарфлашига тўғри келмоқда. Финландия чегара хизмати 21 сентябр куни кечқурун чегарадаги вазият деярли ўзгармаганини айтганди, аммо кўп ўтмасдан, 22 сентябрга ўтар кечаси трафик кескин ошгани маълум қилинди. Чоршанба куни ушбу қўшни мамлакатга Россиядан 4824 автомобил ўтган, ўтган ҳафтада — бу миқдор кунига 3 мингга ҳам бормаётганди.

Россиядан чиқиб кетаётган эркакларнинг бир қисмидан армияда хизмат қилган-қилмагани сўралмоқда. 21 сентябр куни, «Пограничный контроль» телеграм-канали ўқувчиларига кўра чегарадан эркакларни ортиқча саволларсиз қўйиб юборишаётганди. Шу куни кечга бориб Москва аэропортларида хорижга чиқаётган кўплаб эркаклардан қўшимча маълумотлар сўраш бошланди ва бу ўртача беш-ўн дақиқа вақт оларди. 22 сентябрга ўтар кечаси бошқа чегара пунктларида ҳам шундай саволлар берила бошлаган.

Хабарларга кўра, эркаклардан сафардан мақсади, армияда хизмат қилгани, ҳарбий мутахассислиги, хизмат қилган жойи (ёки хизмат қилмагани сабаби), ҳарбий билети бор-йўқлиги, шунингдек Россияга қайтиш чиптаси олган-олмагани сўралмоқда. «Пограничный контроль» канали ўқувчиларига кўра, айрим чегарачилар «ҳозир чақирув куни экани», одамлар эса «сафарбарликдан қочаётгани» ҳақида айтган.

Ҳарбий кафедрани битирган ва армияда хизмат қилмаган 33 ёшли россиялик «Медуза» билан суҳбатда 22 сентябр куни Шереметьеводан қандай учиб кетгани ҳақида айтиб берган: «Паспорт назоратида аввалига паспортни қайтаришмади, ходим уни кўтариб бир хонага йўл олди. 10 дақиқа ўтиб маълумотларни аниқлаштира бошлади. Чиптани қачон сотиб олганимни сўради. Мен унга айтдим: „Нега?“ У айтди: „Айтайлик, 21 сентябрга қадар бўлса, муаммо йўқ, агар кейин бўлса, муаммо чиқиши мумкин». Шундан кейин ходим паспортни қайтарган, йўловчи эса чегарадан ўтган.

Кўпроқ янгиликлар