ОАВ: Роман Абрамович «Азов» командирлари ва хорижликлар асирликдан қайтарилишида «муҳим рол» ўйнади

Жаҳон 17:57 / 23.09.2022 16240

Россиялик олигарх, Россиянинг Украинага босқини туфайли Ғарб санкцияларига учраган Роман Абрамович икки мамлакат ўртасидаги сўнгги асирлар алмашинуви жараёнида иштирок этган. Бу ҳақда The Daily Telegraph ва Mirror нашрлари хабар бермоқда. Россия томони Мариуполдаги «Азовсталь» заводи мудофаачилари, шунингдек британиялик ёлланма жангчилар ҳамда «Азов» полки қўмондонларини қўйиб юбориб, эвазига россиялик ҳарбий хизматчилар ҳамда Владимир Путиннинг яқин кишиси ҳисобланган Виктор Медведчукни олди.

Британия нашрлари ёзишича, Абрамович Россиядан Саудия Арабистонига олиб ўтилган ёлланма жангчилар билан бирга самолётда учган, уларнинг ҳар бирига яқинлари билан гаплашиб олиши учун iPhone смартфонлари совға қилган, стейк билан меҳмон қилган ва улар билан футболни муҳокама қилган. Британиялик ёлланма жангчиларнинг айтишича, улар дарҳол ўзларига ҳамроҳлик қилаётган киши Абрамович эканини таний олишмаган.

Асирлар алмаштирилгач, уларни ҳашаматли хусусий самолётга чиқаришган. Озод қилинганлардан бири Жон Ҳардинг журналистларга бортда Роман Абрамовични учратганини айтади. Шон уни кўриб деди: «Сиз Роман Абрамовичга жуда ўхшар экансиз». У эса жавоб қайтаради: «Чунки бу менман».

«Биз билан учган Абрамовичнинг ёрдамчиси Роман бизнинг қайтарилишимизда муҳим рол ўйнаганини айтди», дея Ҳардингнинг сўзларини келтиради нашрлар.

Ҳардинг билан бирга Эйден Аслин ва Шон Пиннер ҳам Саудиядан ватанга қайтиб борган, улар июн ойида «ДХР»да ўлим жазосига ҳукм қилинганди.

Абрамович урушнинг дастлабки давридаги музокараларда ҳам муҳим рол ўйнаганди. Хусусан, у март ойида Истанбулдаги музокаралар ташкил этилишида ёрдам берган.

Асирлар алмашинуви ҳақида 22 сентябрга ўтар кечаси маълум бўлди. Россия Киевга 215 нафар украин ҳарбийсини, жумладан Мариуполдаги «Азовсталь» заводи мудофаасида иштирок этганлар ва уларга қўмондонлик қилган «Азов» полки командирларини қайтарди, Москва уларни ⁠«нацист жиноятчилар» сифатида суд қилмоқчи эди. Уларнинг эвазига Россия 56 асирни қайтарди, улар орасида украиналик бадавлат тадбиркор ва сиёсатчи, Владимир Путиннинг яқин кишиси ҳисобланган Виктор Медведчукни (Путин унинг катта қизига чўқинтирган ота ҳисобланади) олди. Асирлар алмашилгани ҳақида дастлаб Украина хавфсизлик хизмати ва президент офиси раҳбари Андрей Ермак хабар қилди.

Ермак озод қилинганлар қаторида «Азовстал» мудофаасини бошқарган Денис Прокопенко, Сергей Волинский, Святослав Паламар, Денис Шлега ва Олег Хоменко бор. Рўйхатда денгизчилар, чегарачилар, полициячилар, ҳудудий мудофаа қисмлари жангчилари, божхоначилар ва Украина томонида жанг қилган хорижликлар борлигини айтган.

«Биз ўз қаҳрамонларимиздан 200 кишини аллақачон терговда барча кўрсатмаларини бериб бўлган Медведчукка алмашдик. «Азовстал»нинг беш қаҳрамон қўмондони — биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган 55 нафар россиялик асирга алмаштирилди. Озод қилинганлар орасида — Украина учун жанг қилган 10 нафар хорижлик бор, уларнинг айримларига ўлим хавф солаётганди. Улар аллақачон Ар-Риёз шаҳрида», — дея алмашув схемасини очиқлаган Ермак.

«ДХР» ахборот вазири ўринбосари Даниил Безсонов алмашув жараёнида Харкив йўналишида асир тушганлар, шунингдек россиялик ҳарбий учувчилар қайтарилганини маълум қилди. Украина томони асирликдан қайтганлар сафида «Украина қаҳрамонлари Евгений Бова ва Лев Пашко, «Азовстал»даги «Орест» лақали фотосуратчи Дмитро Козацкий борлигини маълум қилган. Озод қилинган хорижликлардан беш нафари Буюк Британия фуқаролари, иккиси америкалик, бир нафардан марокашлик, швед ва хорват.

«Азовстал»даги украин ҳарбийлари асир олингач, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин асир олинган ҳарбий жиноятчиларни алмаштиришга йўл қўйиб бўлмаслиги, уларни суд қилиш зарурлигини айтганди.

«Нацист жиноятчилар алмаштирилмаслиги керак. Улар ҳарбий жиноятчилар ва биз улар судга тортилиши учун барча ишни қилишимиз керак», — деганди ўшанда Володин. Уни россиялик пропагандачилар, жумладан Владимир Соловьев фаол қўллаб-қувватлаган. Энди эса Ғарбдаги нашрлар «Азовстал» мудофаасидаги қўмондонлар қутқарилгани украин ҳарбийларининг жанговар руҳини янада кўтариши ҳақида ёзмоқда.

Кўпроқ янгиликлар