КХДР: «Биз Россияга қурол ва ўқ-дори сотмаяпмиз». Экспертлар ишонмаяпти

Жаҳон 10:10 / 23.09.2022 14210

Давлат ахборот агентлиги хабарида КХДР Мудофаа вазирлигининг номи ошкор этилмаган вакили Қўшма Штатларни «тентакларча баёнот» берганликда айблади ва Вашингтонни «оғзини юмиш»га чақирди.

«Сўнгги пайтларда АҚШ ва бошқа душман кучлар КХДР ва Россия ўртасида «қурол битимлари тузилгани ҳақидаги миш-мишлар»ни тарқатиш орқали «БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясининг бузилиши» ҳақида гапирмоқда... Биз Россияга илгари ҳеч қачон қурол ёки ўқ-дори экспорт қилмаганмиз ва экспорт қилишни режалаштирмаяпмиз», дея КХДР Мудофаа вазирлиги Бош штабининг исми ошкор этилмаган расмийси сўзларини келтирди Корея марказий ахборот агентлиги.

Сентябр ойи бошида президент Жо Байден маъмурияти КХДР томонидан Россияга қурол сотиш жараёни бошлангани ҳақидаги АҚШ разведкаси маълумотларини ошкор қилди ва бу Пхеньянга қурол импорт қилиш ёки экспорт қилишни тақиқловчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкциялари бузилиши эканини айтди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Ведант Пателнинг сўзларига кўра, Россия «Украинада фойдаланиш учун Шимолий Кореядан миллионлаб ракета ва артиллерия снарядларини харид қилиш жараёнида».

Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг сўзларига кўра, харидлар «миллионлаб ўқ-дорилар, ракеталар ва артиллерия снарядлари»ни ўз ичига олиши мумкин. Бироқ, у АҚШ разведкаси махфий маълумотларига таянган ҳолда, харидлар ҳали якунланмагани ва сотиб олинган ўқ-дорилар Украинада қўлланаётгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далиллар йўқлигини таъкидлаган.

Сеулдаги Иҳва университети профессори Лейф-Эрик Исли КХДР ҳукуматининг қурол сотилаётгани инкор қилинган баёнотига эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак деб ҳисоблаяпти.

«Шимолий Корея қурол-яроғ савдосини яширишни маъқул кўради, чунки бундай келишувлар ортидан янги санкциялар қўлланиши мумкин. Шунингдек, одатда Пхеньян мижозлари бошқа ноқонуний ҳаракатларга ҳам аралашган бўлади. Шимолий Корея режими худди Путин Россияси каби, АҚШ разведкаси ва халқаро танқидга қарама-қарши аргументларни тарқатишга ҳаракат қилади», дейди у.

Икки давлат дўстлиги абадийми?

Мутахассислар фикрича, Шимолий Корея назарий жиҳатдан рус артиллерияси ва ўқотар қуролларига ўқ-дори етказиб берувчи асосий манбага айланиши мумкин, чунки ҳар икки давлат мудофаа тизимлари совет давридаги лойиҳалар асосида қурилган.

Ким Чен Ин ва Владимир Путин 2019 йилда Узоқ Шарқда учрашишганди. Фото: ANADOLU AGENCY

Пхеньян Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлади. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, Америка гегемонлигига барҳам бериш мақсади Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини оқлайди.

У Украина шарқидаги россияпараст иккита тузилманинг мустақиллигини тан олди ва Москва билан дўстликни мустаҳкамлашга ваъда берди.

Бунга жавобан, Путин мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар турли йўналишларда янада ривожланишига Пхеньянни ишонтирди. Бироқ Россия жорий этилган санкцияларнинг жиддийлиги бўйича аллақачон Шимолий Кореядан ўзиб кетган бир шароитда бу ҳамкорликнинг қандай ривожланиши номаълум.

БМТ санкциялари туфайли шимолий кореялик ишчиларнинг Россияга бориши расман тўхтади. Бунинг ўрнига рус тилини ўрганиш ёки маҳаллий университетни битиришни хоҳлайдиган талабалар пайдо бўлди. Уларнинг баъзилари кейинчалик Узоқ Шарқдаги қурилиш майдончаларидан топилмоқда.

Шунингдек, Пхеньян Украина шарқида шакллантирилган россияпараст тузилмаларни тиклашга ёрдам бериш учун қурувчиларни юбориш имкониятига ҳам қизиқиш билдирмоқда. КХДР июл ойида Россия ва Суриядан кейин Донецк ва Луҳанск «республикалари» мустақиллигини тан олган ягона давлат бўлди.

Шу билан бирга, Шимолий Корея сентябр ойида ўзини ядровий давлат деб эълон этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ким Чен Ин бу қарорни орқага қайтариб бўлмаслигини таъкидлади ва мамлакатни ядросизлантириш, яъни ядровий қуролдан воз кечиш бўйича ҳар қандай музокаралар ўтказиш имкониятини истисно қилди. Шунингдек, янги қонун Шимолий Кореянинг ўз мудофааси учун ядровий зарба беришдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам назарда тутади.

Кескин санкцияларга қарамай, Пхеньян 2006-2017 йилларда олтита ядровий синов ўтказди.

Шимолий Кореяга қарши санкциялар ишламоқдами?

КХДР – Россиянинг кам сонли иттифоқчиларидан биридир. Яқинда Владимир Путин бошқа иттифоқдоши Эрон билан дронлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борган эди. Оқ уй манбаларининг айтишича, уларнинг биринчи партияси Москвага сентябр бошида келтирилган.

Вашингтонга кўра, Ғарб санкцияларига дучор бўлган давлатлардан ёрдам сўраш факти Россиядаги вазият бундан ҳам оғирроқ эканини кўрсатади.

«Бу Россия армиясининг Украинада жиддий таъминот тақчиллигига учраганини кўрсатади. Бундай тақчилликка қисман экспорт ва импорт чекловлари сабаб бўлган», деди АҚШ юқори мартабали мулозими AP агентлигига.

«Кремль Шимолий Кореядан бирор нарса сотиб олишга мажбур бўлаётганидан хавотирга тушиши керак», деди Урушни ўрганиш институтининг (ISW) Россия сиёсати бўлими раҳбари Мейсон Кларк.

Эрон урушаётган томонлардан бирортасига қурол етказиб бераётганини расман рад этмоқда. Бироқ АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Теҳронга бориб, «Mohajer-6» ва «Shahed» дронларини бошқаришни ўрганишган.

Теҳрондаги кўргазмада Shahed -129 дрони. Фото: Getty Images

Аммо, экспертлар фикрича, сўнгги воқеалар, хусусан, Шимолий Кореядан қурол-яроғ сотиб олиниши санкциялар аста-секин ўз мақсадига эришаётганидан далолат беради ва уларнинг асосий юки Россия ҳарбий саноати томон оғишади.

«Афтидан, Россия фронтни учувчисиз самолётлар билан таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келган, бу эса халқаро санкциялар оқибатида компонентлар етишмаслиги билан боғлиқ.

Ўз навбатида, разведкачи дронларнинг етишмаслиги тактик маълумотларни тўплаш жараёнини қийинлаштиради ва Россия армиясининг ҳаракатларини тобора чеклайди», деб баёнот берди Буюк Британия Мудофаа вазирлиги.

«Кремлнинг Шимолий Корея ёки бошқалардан артиллерия снарядлари ёки ракеталарини сотиб олишининг ягона сабаби – Путин урушни энг оддий даражада ушлаб туриш учун Россия иқтисодини ҳарбий соҳага сафарбар этишни истамаслиги ёки бунга қодир эмаслигидир», дейди Америка ишбилармонлик институти ҳарбий эксперти Фредрик Каган.

Кўпроқ янгиликлар