Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар кун тартибини муҳокама қилди 

Ўзбекистон 17:23 / 22.09.2022 5826

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Туркманистон президентини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар туркман халқига фаровонлик тилади.

Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар кенг қамровли кун тартибини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалигида кооперацияни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар алмашинув дастурини кенгайтириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди. Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити натижалари юксак баҳоланди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон президенти Туркманистон президенти ва халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Мустақиллик куни билан табриклаб, тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.

Кўпроқ янгиликлар