“Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 октябрдан касаначига ажратиладиган субсидия миқдори 3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача оширилади.
Олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлар ўртасида ҳар йили бир марта ҳар бири қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танлови ўтказилади.
“Аёллар дафтари”даги камида 5 та ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундирилади.
Ходимлари умумий сони камида 70 фоизи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда улар бандлигини сақлаб қолган тадбиркорлар давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йил 1 октябргача озод этилади.
Ҳар бир туман (шаҳар)да хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ҳузурида лидер касаначиларни жалб этган ҳолда “маслаҳат соатлари” жорий этилади.
Ҳудудларда касаначилик орқали янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорликлар ўртасида “Энг намунали тадбиркор” кўрик-танлови ўтказилади.