Исроил бош вазири Яир Лапид Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг бу ерда яшаётган яҳудийлар тақдиридан хавотирланмоқда. У El Al авиакомпаниясидан икки мамлакат ўртасидаги парвозларни давом эттиришни сўради, деб хабар берди The Times of Israel газетаси.
«Кан-11» телеканалининг хабарига кўра, мамлакатда Россиядан келадиган яҳудийларнинг янги тўлқинига тайёргарлик кўриш бошланди.
Шу сабабли Лапид El Al бош директори Дин Бен Тал Ганансиядан Россиядан рейслар сонини кўпайтиришни сўради, деб ёзади NEWSru.co.il.
«Бош вазир Яир Лапид бизга Россиядан янги иммигрантларни қабул қилиш топшириғини берди. Биз вазирликлар, ходимларимиз ва албатта, El Al авиакомпанияси билан тўлиқ ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз», — деди Исроил ташқи ишлар вазирлиги бош директои Алон Ушпиз.
21 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг аниқлик киритишича, захирада бўлган 300 минг нафар россиялик ҳарбий хизматга чақирилади.
Сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг Россиядан яқин хориж мамлакатларига амалга ошириладиган рейсларга авиачипталар нархи кескин кўтарилгани ва чипталар қолмагани айтилмоқда.