Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 августга ўтар кечаси умра ибодатини адо қилди.
Ўзбекистон етакчиси зиёратни бошлаши олдидан ислом уммати учун энг муқаддас масжид бўлмиш Масжидул Ҳаром ҳовлисида катта ташкилий ва хавфсизлик чора-тадбирлари амалга оширилди. Каъбатуллоҳ қўриқчилари хавфсизлик юқори даражада бўлиши учун Шавкат Мирзиёевга Каъбага боргунига қадар жонли йўлак ташкил қилиб беришди.
Ўзбекистон етакчиси аввалига Каъба ичига кириб тўрт томонга қараб намоз ўқиди, халқимиз ҳақига дуо қилди. Сўнг президент кўзида ёш билан ислом умматининг қибласи бўлмиш Каъбатуллоҳни тавоф қилди.
Умра тартибига кўра Каъба 7 марта айланиб тавоф қилинади. Тавофда тўртта айланиш фарз, қолган учтаси вожибдир. Тавоф «Ҳажарул асвад»нинг рўпарасидан бошланади. Каъбани айланиб тавофни бошлаган жойига келганда бир тавоф ҳисобланади.
Каъбатуллоҳни тавоф қилиб бўлгач, президент Мақоми Иброҳим ортида 2 раъкат намоз ўқиб, саъй амалини бажаришга киришди. Яъни, Сафо тепалигидан Марва тепалиги томон эзгу ният ва дуолар қилиб, 7 мартта юриб бориб келинди.
Қутлуғ ибодат вақтида президентга муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳамда ўзбекистонлик уламо Алижон қори ҳамроҳлик қилди. Алижон қори ибодат бекам-у кўст бажарилиши учун амалларни ва ибодат давомида айтиладиган дуоларни эслатиб турди.
Охирида Шавкат Мирзиёев 7 марта саъй қилганидан сўнг, Марва тепалигида 2 раъкат намоз ўқиди. Ўзбекистон делегацияси намоздан сўнг дуолар қилди. Шу тариқа умра ибодати адо этилди.