Нидерландия пул ювишда айбланган россияликни АҚШга экстрадиция қилди

Жаҳон 08:00 / 18.08.2022 4929

Ўтган йил ноябрь ойида Нидерландияда пул ювишда айбланиб қўлга олинган Россия фуқароси Денис Дубников шу ҳафта Қўшма Штатларга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигининг 17 август, чоршанба куни чоп этилган баёнотида айтилади. 

Вазирлик маълумотига кўра, 29 ёшли Дубников чоршанба куни Орегон штати Портленд шаҳридаги судга олиб келинган. Унинг иши ҳакамлар ҳайъати томонидан 4 октябр куни кўриб чиқилиши белгиланган. Орегон штати қамоқда сақлаш маркази РИА «Новости» агентлигига россиялик уларда эканлигини тасдиқлади. У гаров эвазига чиқиб кетиш имкониятидан маҳрум этилди, деб ёзади ахборот агентлиги. 

Адлия вазирлиги баёнотида таъкидланишича, Америка расмийлари Дубниковни ўзини Ryuk деб атайдиган кибержиноятчилар гуруҳи манфаатлари йўлида пул ювишда айбламоқда. Айбловга кўра, россиялик 2019 йил июль ойида АҚШда ҳам, хорижда ҳам тўлов дастури вируслари ёрдамида амалга оширилган киберҳужумлар натижасида қўлга киритилган 400 минг доллардан ортиқ маблағни ювган. Агар Дубников айбдор деб топилса, 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Россияликнинг адвокати Аркадий Бух аввалроқ ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида Дубниковга Мексикага киришга рухсат берилмаганини айтди. У ердан Амстердамга йўл олди ва АҚШ илтимосига кўра қўлга олинди. Бухнинг таъкидлашича, Дубников ҳимояси «у пул қаердан келганини билмаганини ва Россия қонунчилигига мувофиқ ҳолда ҳаракат қилганини» билдиради. 

The Wall Street Journal (WSJ) газетасининг ноябрь ойида ёзишича, Ryuk 2020 йилда Америка соғлиқни сақлаш тизимига бир қатор тўлов дастурлари ёрдамида амалга оширилган ҳужумлар ортида турган бўлиши мумкин ва бу ҳужумлар қурбонларидан миллионлаб доллар олган. 

Дубников иккита криптовалюта савдо платформаси - EggChange ва Crypto асосчиларидан бири. WSJ маълумотларига кўра, АҚШ расмийлари уни ушбу платформалар орқали пул ювишда айбламоқда. Ноябрь ойида Bloomberg агентлиги EggChange компанияси Москвада офислари бўлган ва ноқонуний йўл билан олинган криптовалютани нақд пулга айлантирган тўртта компаниядан бири сифатида тилга олинган материални эълон қилди. 

Кўпроқ янгиликлар