АҚШ ва Тайван расмий савдо музокараларини бошлайди

Жаҳон 11:33 / 18.08.2022 4310

Америка расмий шахсларининг Тайванга ташрифлари туфайли кескинлашган Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашиши мумкин: 18 август, пайшанба куни Вашингтон ва Тайпей маъмуриятлари расмий савдо музокаралари икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббус доирасида «куз фасли аввалида» бошланишини эълон қилди. Томонлар савдо ва сармоя соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштиради, деб хабар берди АҚШнинг савдо масалалари бўйича махсус вакили Кэтрин Тай канцелярияси.

Пекин Тайванни ягона Хитойнинг бир қисми деб билади ва бошқа мамлакатларнинг Тайпей билан ҳар қандай расмий алоқаларига кескин қарши чиқади. АҚШ ва Тайван ўртасида савдо музокараларини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида, ХХР ТИВ Хитой суверенитетига таъсир кўрсатадиган ҳар қандай расмий келишувларга кескин қарши чиқди. 

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга яқинда қилган ташрифи туфайли кескин ёмонлашди. У АҚШнинг оролга чорак аср давомида келган энг юқори мартабали амалдорига айланди. Пелоси АҚШ сиёсий иерархиясида президент ва вице-президентдан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Кўп ўтмай, АҚШ конгрессменлари делегацияси Тайванга ташриф буюрди. 

Пекин содир бўлаётган воқеаларни провокация деб атади ва кучларини кўрсатиб қўйиш сифатида сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ҳарбий машғулотларни ўтказди, бунда ҳаво ва денгиз блокадаси амалга оширилди ҳамда Тайванни қуролли эгаллаш машқлари кузатилди. Хитой Тайванни тўлиқ назорат остига қайтаришни истайди ва керак бўлса, уни куч билан қайтариб олиш ҳақида таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ Тайванни ҳимоя қилишга ваъда берди. 

Кўпроқ янгиликлар