WADA комиссияси собиқ раҳбари РФ ва Беларус спортчилари мусобақалардан четлаштирилганига қарши чиқди

Жаҳон 10:15 / 15.08.2022 3777

Канадалик ҳуқуқ профессори, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Россия давлат органларининг 2014 йилда Сочида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларидаги допинг фирибгарликлари ҳақидаги айбловларни текшириш комиссияси собиқ раҳбари Ричард Макларен Россия ва Беларус спортчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлатилганига қарши чиқди. 14 август, якшанба куни Германиянинг ARD жамоат телеканали спорт муҳарририяти Sportschau’нинг юрист билан суҳбатидан парчаларни ўз сайтида эълон қилди. 

«Бу спортчиларга нисбатан бўлаётган ҳозирги муносабатлар адолатсизликдир», - деди Макларен. 

Канадалик спортчилар ўз мамлакатлари сиёсати учун масъул бўлаётганини танқид қилди: «Спортчилар бу можаронинг ташаббускори бўлмаган ва унинг учун жавобгар эмас. Бу уларнинг мусобақаларда яна иштирок этишига рухсат бериш учун иккита яхши сабабдир». 

Ричард Макларен бир қатор россиялик ва беларуслик спортчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун халқаро Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилишини кутмоқда. «Агар CAS спортчилар фойдасига қарор қилса, федерациялар уларга яна мусобақаларда қатнашишига рухсат беришга мажбур бўлади», деди у. Юрист руслар ва беларусларнинг суддаги имкониятлари ҳақида гапиришни истамади ва уларнинг ишлари бўйича қарорлар ҳар қандай бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. 

Сочи олимпиадасидан сўнг Ричард Макларен Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан Россия спортидаги допингни текшириш бўйича мустақил комиссияга раҳбар этиб тайинланган эди. 2016 йилда ҳисоботнинг икки қисми нашр этилди. Ҳисоботда айтилишича, 30 та спорт тури бўйича турли турнирларда мингдан ортиқ спортчи допинг намуналари билан боғлиқ фирибгарлик ишларига жалб қилинган. Бундан ташқари, Макларен Россияда допинг намуналарини манипуляция қиладиган ва спортчиларни қамраб олувчи давлат тизими мавжудлигини айтди. Кейинчалик Макларен Россия футболида допинг қўлланилиши ҳақида гапирди. Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг россиялик спортчилар ва паралимпиячиларга Рио-де-Жанейродаги олимпиада ўйинларида қатнашиш тақиқланди. 

Украинада Россия уруши бошланганидан кейин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) жаҳон спорт федерацияларига россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро мусобақалардан четлаштиришни тавсия қилди. Деярли барча федерациялар тавсияларга амал қилишди. 

Кўпроқ янгиликлар