«ПСЖ»да янги можаро: Мбаппе асосий пенальтичи экани Неймарни ғазаблантирмоқда

Спорт 19:07 / 15.08.2022 9081

Франция чемпионатининг иккинчи турида парижликлар «Монпелье»ни (5:2) ҳеч қандай муаммосиз мағлуб этишди. Улар икки марта 11 метрлик нуқтадан тўп тепишди. Мбаппенинг кучли зарбасини дарвозабон қайтарди. Иккинчисини Неймар аниқ амалга оширди.

Матбуотда бош мураббий Кристоф Галтьенинг мавсум давомида ким пенальтичи бўлишини айтгани ва Мбаппе рўйхатда биринчи экани, Неймар эса ундан кейин туриши ҳақидаги сўзлари тарқалди. Бу бразилияликка ёқмади ва у ижтимоий тармоқлар орқали ҳужумга ўтди. Энг таъсирли восита – «лайк» билан.

«Энди расман: «ПСЖ»да асосий пенальтичи – Мбаппе. Афтидан бу шартномада ёзилган шекилли, чунки дунёнинг ҳеч қайси клубида Неймар иккинчи пенальтичи бўлмас эди. Мбаппе – «ПСЖ» хўжайини», деб ёзди бразилияликнинг фанатларидан бири.

«Неймар пенальтини тепганда дарвозабонни (яна) доғда қолдирди. Мбаппе эса жуда ёмон зарба берди ва гол уролмади. Ўйиндан сўнг мураббий Мбаппе жамоанинг мавсум давомидаги асосий пенальтичиси бўлишини айтди. Ажабо!», деб ёзди яна бир фанат.

Неймар ҳар иккала постга «лайк» босиб, оловга ёғ сепди.

Аслида, Галтье фақат маълум бир ўйин учун пенальтичилар ҳақида гапирган эди: «Бундай тартиб фақат ушбу ўйин учун белгиланган. Килиан биринчи эди. Мантиқан келиб чиқилса, Неймар иккинчи бўлди. Мавсумнинг қолган қисмида қандай бўлишини ўйлаб кўрамиз».

Статистикага кўра, Неймар ҳақиқатан ҳам пенальтини бироз яхшироқ тепади – у зарбасининг 82,5 фоизини голга айлантирган. Килиан эса 80 фоизини. Таққослайдиган бўлсак, Лео Месси – 77,6 фоизини.

Мбаппе ўтган мавсумда «ПСЖ»нинг асосий пенальтичиси бўлган ва 6 марта «нуқтадан» зарба йўллаган. Неймарда 4 та, Мессида 3 та пенальти бор. Учаласи ҳам бир мартадан пенальтида адашган.

Бу мавсумда Неймар пенальтидан икки марта зарба берди ва икки марта гол урди. Мбаппе учун «Монпелье»га қарши ўйиндаги ноаниқ пенальти ҳозирча ягона уринишдир.

Афтидан, Килиан учун 11 метрлик зарбалар жуда муҳим. L’Equipe нашрининг ёзишича, «ПСЖ» билан янги шартнома имзолаш чоғида Мбаппенинг талабларидан бири асосий пенальтичи қилиб тайинланиши бўлган. Шу маънода Неймарга ёққан мухлиснинг фикрлари ҳақиқат бўлиши мумкин.

Неймар олдин ҳам пенальти тепиш борасида жанжаллашган эди – Кавани билан

Неймар пенальти масаласида биринчи марта қуюшқондан чиқмаяпти. 2017 йилда у «Лион»га қарши ўйинда Эдинсон Кавани билан олдин жарима зарбаси, кейин эса пенальти тепиш борасида тортишиб қолган эди.

Ўшанда бразилиялик жарима тўпини амалга оширди. Кавани эса Неймарнинг илтимосига қарамай, пенальтини тепди ва гол уролмади.

L’Equipe хабарига кўра, ўйиндан кейин, кийим алмаштириш хонасида футболчилар даҳанаки жанг қилишига сал қолган. Ҳар иккаласининг шартномасида энг яхши тўпурарлик учун 1 миллион евро миқдоридаги бонус кўзда тутилган эди. Кавани ҳам, Неймар ҳам бунга даъвогар эди.

Кейинчалик бразилиялик «ПСЖ» раҳбариятидан Каванини сотишни сўрагани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Аммо бу содир бўлмади. Орадан вақт ўтгач, футболчилар ярашиб олишди. Ҳатто бир ўйинда пенальти тепишдан олдин бир-бирига намойишкорона тарзда тўпни таклиф қилишди.

Энди эса иккинчи тур ўйинидаёқ Неймар ва Мбаппе ўртасида зиддият юзага келмоқда. 

Кўпроқ янгиликлар