Попаснаяда «Вагнер»га ҳужум — бу украинлар амалиётими ёки Пригожиннинг ўйини?

Жаҳон 19:22 / 15.08.2022 17976

Шу кунларда Украинага қарши урушни ёритиш билан шуғулланувчи россиялик блогерлар украин ҳарбийлари «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг Луҳанск области Попасная шаҳридаги базасига Американинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба йўллаганини хабар қилишди. Украина томони ҳам бу версияни рад этиб чиқмаётган бўлса-да, экспертларда бу «вагнерчилар»нинг ўзи томонидан саҳналаштирилган бўлиши мумкинлиги борасида шубҳалар туғилган.

Бу маълумот Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватловчи ва ҳарбий ҳаракатларни фаол ёритиб келаётган ҳарбий мухбирлар - блогерлар томонидан тарқатилди. Қисқача айтилса, уларнинг талқини шундай: бир ҳафта муқаддам блогер Сергей Среда базадан фотосурат эълон қилган, кейин уни ўчириб юборган. Фотода у ва ҳарбий формадаги, ниқоб таққан тўрт эркак кўп қаватли уй фонида турганини кўриш мумкин, кадр бурчагида - табличка: Мироновская кўчаси, 12.

«Попаснаяга келдим, «Вагнер» штабида тўхтадим. Қадрдонлардек кутиб олишди. Бир қанча қизиқ воқеаларни айтиб беришди», дея ёзган 8 август куни «военкор» Среда. 14 август куни эса яна бир «военкор» Юрий Котенок шундай ёзади: «Попаснаяда «Вагнер»нинг базаларидан бирига зарба йўлланди. Донбассдаги манбалар тасдиқлади. Катта эҳтимол билан, бу «Ҳаймерс». Украина ресурслари Пригожиннинг ўлими ҳақида хабар тарқатмоқда - бу тасдиқланмади».

ОАВ бизнесмен Евгений Пригожинни ёлланма ҳарбийлари Сурия ва Африка мамлакатларидаги жангларда қатнашиб келган, бу йилдан эса Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан боғлайди. Пригожин бу хусусий ҳарбий компанияга алоқадорлигини рад этади ва шу ҳақда ёзган журналистлар билан судлашади. Август ойида «Медиазона» нашри Пригожин шахсан колониялардаги маҳбусларни Украинадаги урушга тарғиб қилаётгани ва улар билан шартнома тузаётганини хабар қилди. Журналистлар унинг Донбассда олинган суратини намойиш этишган.

Украина нашрлари 14 август куни Украина қуролли кучлари ҳарбий мухбирнинг пости туфайли «Вагнер»нинг базаси яксон қилингани ва бу ҳужумда Пригожин ҳам жабрлангани ҳақидаги хабар тарқатди. Россияпараст телеграм-канал бўлмиш Reverse side of the medal канали эса зарбадан шикастланган турар жой биноси суратини жойлаштириб, ярадорлар борлигини истисно этмаганди: «Попаснаяда йигитларни олиб чиқяпмиз».

Тонгда Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам «Украина қуролли кучлари яна бир бор душман штаби бўйича муваффақиятли иш олиб боргани», бу зарбани «Россия ОАВи вакилларидан бири» йўналтиргани, зарба натижасида «Вагнер»нинг Попаснаядаги штаби яксон этилгани, «қурбонлар сони аниқлаштирилаётгани» тўғрисида айтди. Украина нашрлари эса штаб жойлашгани тахмин қилинган ҳудуддаги йирик вайронгарчиликлар акс этган суратларни нашр қилди.

Шу билан бирга, Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи асосчиси Руслан Левиев украиналик ҳарбийларни тузоққа тушириш мақсадида «вагнерчилар» бу зарбани ўзлари уюштирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. «Пригожин троллингни ёқтириши ва доим бунга исталганча пул сарфлашга тайёрлигини ҳисобга олсак, менда барибир ҳақиқатан нима содир бўлгани борасида айрим шубҳалар бор», дея ёзган эксперт твиттердаги саҳифасида.

Левиев россиялик ҳарбий корреспондентлар «ракета зарбаси» хавфини ошириши туфайли ҳарбий объектларни тасвирга олиш тақиқлангани ҳақида яхши хабардор эканини эслатган: «У ерда эса штаб атрофида, тағин Пригожинга ўхшаш одам билан (айрим нашрлар Среда эълон қилган суратдаги ҳарбий либосли кишилардан бири у экани ҳақида ёзган) суратга тушилган».

Левиев «вагнерчилар» украинларни америкаликларнинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимини яқинроқ келтириб, ишлатишга ундаш ва унга жавоб зарбаси йўллаб, мукофот олишни кўзлагани ҳақидаги назарияни илгари суради. «Ажойиб, Среда, буёққа кел, манзил ёзилган табличка олдида суратга тушамиз, уларни чақирамиз ва жавоб зарбаси берамиз», дея «Вагнер»нинг эҳтимолий мантиғини тасвирлайди у.

BBC Рус хизмати корреспонденти Илья Барабанов «Вагнер» нималарга қодирлиги тўғрисида:

«Зарба ҳақида хусусий ҳарбий компанияга алоқадор телеграм-каналлар хабар берди, уларнинг эҳтимолий штаби фотосурати бир неча кун олдин Пригожин билан боғлиқ бўлган тузилмада ишловчи корреспондент томонидан эълон қилинганди.

Шу медианинг ўзи отишма чоғида унинг ўзи ҳам жабрланган бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Аввалига улар унинг тақдиридан хавотир билдиришди, кейин эса унинг ўлими ҳақидаги хабарлар рад этиб чиқилди.

Бу Пригожин биринчи бор «ўлиши» эмас - 2019 йилда у билан боғлиқ нашр у Африка мамлакатларидан бирида вертолётда ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлигини хабар қилганди. Кўп ўтмай бизнесмен билан барчаси жойида экани маълум бўлди.

Пригожинга ҳозир украинлар унинг штабини Американинг машҳур HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан ўққа тутгани тўғрисидаги хабар нега кераклиги - тушунарли. Шу кунларда Пригожинга алоқадор «Патриот» медиагуруҳининг уч ходими фирибгарликда айбланиб, қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар ўзларининг аноним каналларида мудофаа вазири Сергей Шойгу, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ва Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковни фаол танқид қилиш билан шуғулланишган. Пригожиннинг матбуот котиби дарҳол улардан воз кечди: «Хавфсизлик кучлари ҳушёрлик кўрсатди ва вирусни аниқлади».

Шу билан бир вақтда кучишлатар тузилмаларга алоқадор телеграм-каналлар яқин вақтлар ичида Пригожинда муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигига ишора қила бошлади. HIMARS орқали Попаснаядаги «штабга зарба берилгани» ҳақидаги фотолар - Кремлдаги раҳбарларга «Вагнер» ва Пригожинни сақлаб қолиш қанчалик муҳимлигини эслатишдан бошқа нарса эмас».

Кўпроқ янгиликлар