Латвия президенти уруш тарафдорларини виза ва яшаш рухсатномаларидан маҳрум қилишга чақирди

Жаҳон 10:57 / 15.08.2022 2890

Латвия президенти Эгилс Левитс РФнинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаган россияликларга берилган визалар ва яшаш учун рухсатномаларни бекор қилиш зарур деб ҳисоблайди. «Аввалги ҳукуматларнинг Россия фуқароларига яшаш учун рухсатномалар беришдаги асоссиз сахийлиги хавфсизлик учун хатарларни юзага келтирди ва икки тиллиликка ҳисса қўшди. Бу муваффақиятсиз ва хавфли сиёсат оқибатларини кўриб чиқиш вақти келди», - деди у 13 август, шанба куни Икшкиле шаҳрида сиёсий қатағон қурбонлари билан ўтган учрашувда.

Латвия президентининг сўзларига кўра, келажакда Россия фуқаролигини олиш ниятида бўлган мамлакат аҳолисига яшаш учун рухсатнома берилмаслиги керак. «Улар мамлакатимизни тарк этишга мажбур бўлади», — дея унинг сўзларини келтирган Delfi.lv. 

Левитс ЕИ даражасида россияликларга шенген визаси берилишини чеклаш зарурлигини таъкидлади. Латвия 24 февралда, Россиянинг Украинага босқинининг биринчи кунида русларга туристик визалар беришни тўхтатди, бироқ россиялик сайёҳлар ҳали ҳам бошқа шенген давлатларидан визалар билан келишда давом этмоқда, деди у. «Шунинг учун, менимча, Латвия Финландия, Эстония, Чехия ва бошқа ҳамфикр давлатлар билан биргаликда Россия фуқароларига туристик визалар беришни тўхтатиш бўйича келажакда Европа даражасида талаб қўйиши керак. Бу Россияга нисбатан қўшимча санкциялар бўлади», — дея қўшимча қилди Латвия президенти. 

Украинада давом этаётган урушга жавобан яна бир чора сифатида россияликларга шенген визаси берилишини чеклаш масаласи август ойи охирида ЕИ кенгаши муҳокамасига кўтарилган. ЕИга раислик қилаётган Чехия ҳукумати Болтиқбўйи мамлакатлари каби, бу масала бўйича ижобий қарор қабул қилишга интилишини маълум қилди. Германия федерал канцлери Олаф Шольц эса Россия фуқароларига виза беришни бутунлай тақиқлашга қарши чиқди. 

Кўпроқ янгиликлар