Исроил Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаси яқинига ракета зарбалари берди

Жаҳон 11:45 / 15.08.2022 13517

Исроил қўшинлари 14 август, якшанба куни Эроннинг Суриядаги ҳарбий объектларига қатор ракета ҳужумларини уюштирди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги Сурия разведкаси ва армиясидаги манбаларга таяниб. Россия ҲДКнинг Суриядаги асосий базаси ҳисобланган Тартус порти яқинидаги Эрон ҳарбий базаси, радар станцияси ва ҲҲМ постига бир неча марта зарба берилди. 

Исроилнинг бошқа зарбалари эронпараст «Ҳизбуллоҳ» радикал гуруҳи вакиллари жойлашган Дамашқ шимоли-шарқий чеккасига ҳам берилган. Сурия армияси Исроил зарбалари оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва уч нафар аскар яраланганини маълум қилди.

Сўнгги бир неча йил ичида Исроил Суриядаги Эрон билан боғлиқ деб ҳисобланган нишонларга юзлаб зарбалар берди. Агентлик қайд этишича, ҳозирча исроилликлар Россиянинг Суриядаги асосий ҳарбий базалари яқинига зарба беришдан тийилиб турганди. 

11 август куни Bloomberg агентлиги Россия санкцияларни четлаб ўтиб, Украинадаги уруш учун Суриядан қурол-яроғ ва техникаларни олиб чиққани ҳақида хабар берди. Бунинг учун РФ Мудофаа вазирлиги назорати остидаги «Оборонлогистика» компаниясига тегишли ва АҚШ санкциялари остида бўлган Sparta II савдо кемасидан фойдаланилган. Кема Суриянинг Тартус портидан чиқиб, Новороссийскка етиб келган, Туркия эса гарчи ҳарбий кемаларнинг Босфор ва Дарданел бўғозларидан ўтиши тақиқланган бўлса-да, унинг юкини текширмаган.

Кўпроқ янгиликлар