Кинога кўчган ҳаёт: Бедарак йўқолган ҳиндистонлик бола 25 йилдан сўнг онасини қандай топганди?

Жаҳон 14:51 / 14.08.2022 45565

Ҳиндистон аҳоли сони бўйича дунёда Хитойдан сўнг иккинчи ўринда туради. Унинг аҳолиси сони 1,4 миллиард нафардан ошган. Бугун Ҳиндистон аҳолисининг қарийб 30 фоизини 15 ёшдан кичик бўлганлар ташкил этади.

Болалар сони кўплиги, қашшоқлик туфайли вояга етмаганларнинг меҳнат билан шуғулланиши ортидан Ҳиндистонда кўплаб болаларнинг умри кўчада ўтади. Бундай шароитда ҳар йили ўн минглаб болалар бедарак йўқолади.

Уларнинг бир қисми ноқонуний тарзда инсон ички аъзолари савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қурбони бўлса, яна бир қисми мамлакатнинг бошқа жойларига адашиб кетиб қолади. Келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган австралиялик таниқли тадбиркор Сару Брайерлининг тақдири ҳам шундай кечган.

www.filmbiz.asia

Сару 5 ёшида поездга чиқиб яшаб турган жойидан 2 минг километр узоқликдаги бошқа шаҳарга бориб қолади ва шу тариқа бедарак йўқолади.

Бедарак йўқолган ўғил

1986 йил, Ҳиндистоннинг Бурҳонпур шаҳри яқинидаги Хандва шаҳарчасидаги Ганеш Талай маҳалласи. Камбағал оила аъзоси бўлган Гуду 5 ёшли укаси Сару билан ишлаш учун темирйўл станциясига боришади.

Болаларнинг отаси ташлаб кетган, улар синглиси ва яна бир акаси билан онасининг қўлида қолган эди. Она арзимаган маош эвазига қурилишда ишлар, унинг топгани оилани боқишга етмасди.

Гуду акаси Каллу ва укаси Сару билан темирйўл станциясига чиқиб вагонларни тозалашар, йўловчиларнинг сумкасини ташиб беришар, шу йўл билан пул топиб оналарига ёрдам беришарди.

Кунлардан бир кун Гуду укасини билан бирга тунда Бурҳонпур шаҳридаги темирйўл станциясига боради. Гуду укасини ўриндиқда ухлатиб қўйиб, бир ўзи ишга кетади.

www.alamy.com

Ўша тунда Гудуни поезд уриб юборади ва у ҳалок бўлади. Сару уйғониб акасини излай бошлайди. Ҳеч қаердан топа олмагач станцияда тўхтаб турган бўш поездга чиқади.

Поездни бошидан охиригача қидириб акасини топа олмаган Сару қаттиқ чарчайди ва вагонлардан бирининг ўриндиғига ўтириб, ухлаб қолади. Уйғонганида ўзини бошқа жойда кўради.

Шундан сўнг Сару уйга қайтиш учун яна кўплаб поездларга ўтиради. Аммо уларнинг биронтаси уни Бурҳонпурга олиб бормайди, аксинча тобора узоқлашиб кетаверади.

Шу тариқа у яшаган шаҳарчасидан 2 минг километр узоқликда жойлашган Калкутта шаҳрига бориб қолади. Калкуттада асосан бенгаллар яшайди. Она тили ҳинди бўлган Сару бу шаҳарда нотаниш тилда сўзлашувчи одамлар орасига тушиб қолиб жуда қийналади.

www.alamy.com

Сару Калкуттада дайдига айланади ва қорнини тўқлаш учун тиланчилик қилади. Гоҳида мажбур бўлиб егулик ўғирлайди. Ана шундай ҳолатда юрганида кўчада ўрта ёшдаги аёллардан бири унга меҳрибонлик кўрсатади.

Аёл болани уйига олиб бориб овқат беради ва бошқа бир аёл билан таништиришини, у Саруга уйини топишда ёрдам беришини айтади. Аёл келгач Сару улар болаларнинг ички аъзоларини сотиш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳ аъзолари эканини билади ва у ердан қочиб кетади.

Орадан бироз ўтиб Сару полиция қўлига тушиб қолади. Полиция яшаш манзилини сўраганда у маҳалласининг номини айтади. Аммо полициячилар бола айтган маҳаллани аҳоли манзиллари ёзилган рўйхатдан топа олишмайди. Сарудан яшаш жойи ҳақида жўяли жавоб ололмагач полиция уни болалар уйига топшириб юборади.

Австралия сари

Сару болалар уйида яшар экан, у ерга ижтимоий ёрдам ташкилотларида хизмат қилувчи хорижликлар тез-тез келиб турарди. Ана шулардан бири Сут хоним кунлардан бир кун Саруга ўрта ёшдаги австралиялик эр-хотиннинг расмини кўрсатади. Улар Ҳиндистондан ўзларига фарзанд танлаб олиш учун мурожаат қилишганда Сарунинг фотосуратини кўриб, ёқтириб қолишганди.

Сару рози бўлгач эр-хотин келиб ҳужжатларни расмийлаштиришади ва болани Австралияга олиб кетишади. Ўшанда 1987 йил эди.

Сару Австралиядаги оиласига тез кўникади. У ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Мактабни битиргач меҳмонхона бизнеси бўйича таълим ола бошлайди.

Сарунинг курсдошлари орасида ҳиндистонлик талабалар ҳам бор эди. Кунлардан бир кун улар Саруни меҳмонга чақиришади. Мезбонлар дастурхонга тортган таомлар орасида жалеби деб аталувчи ширинлик ҳам бор эди.

Ана шу жойда Сару ўзига жалеби пишириб берган онасини ва акасини эслайди ва қандай қилиб бўлса ҳам уларни топишга қарор қилади. Бу пайтда 2007 йил, уйдан чиқиб кетганига роппа-роса 20 йил бўлганди.

Сару дўстларига асли Калкуттадан эмаслигини, у ерга адашиб борганини айтиб беради. Дўстлари унга яшаган шаҳарчасини Google Earth харитаси орқали қидиришни маслаҳат беришади.

Туғилган манзилни қидириб топиш

Шундан сўнг Сару тинимсиз равишда сунъий йўлдошдан олинган карта орқали яшаган шаҳарчасини қидира бошлайди. У қидирув давомида поездда неча кун юрганини эслаб, асосан темирйўллар атрофидаги манзилларни синчковлик билан кўздан кечиради.

У туғилган шаҳарчасини топиш учун соатлаб компютер олдида ўтиради. Сару адашиб кетмаслик учун кўздан кечирган жойларини қайд этиб бораверади.

2011 йилда Сару харитада Бурҳонпур деб ёзилган темирйўл станциясини кўриб қолади. Станциядаги ва унинг атрофидаги бинолар таниш эди. Шундан сўнг станция яқинидаги Хандва шаҳарчасини кўздан кечираётиб Ганеш Талай деб ёзилган манзилда таниш кўчаларни кўриб қолади.

Шунда у Калкутта полиция ходими яшаш манзилини сўраганда Ганеш Талайни янглишиб Ганештали деганини ва ходим бу манзилни топа олмаганини эслайди.

2012 йилда Сару Ҳиндистонга келиб, Хандва шаҳарчасига боради ва одамлардан 25 йил аввал ўғлини йўқотган оила ҳақида суриштира бошлайди. Одамлар уни онасининг олдига олиб боришади. Сару онаси, синглиси ва акаси Каллу билан учрашади.

Онасининг сочлари оқариб, анча кексайиб қолган эди. Она ва бола узоқ вақт бир-бирини бағридан қўйиб юбормай кўзёш тўкишади. Шундан сўнг Сару ундан акаси Гудуни сўрайди. Маълум бўлишича, ўша кеча Гудуни поезд уриб юборган ва ҳалок бўлган экан.

Онаизор эса бир кунда икки ўғлидан айрилиб, ғамга ботиб қолган экан. Сарунинг топилганидан барча хурсанд бўлади.

Ана шу ерда Сарунинг ҳақиқий исм-шарифи Шеру Мунший Хон экани, Сару исмини унга Калкуттада қўйишгани ва кейинчалик австралиялик ота-онаси унга Брайерли фамилиясини беришгани ойдинлашади.

Машҳурлик, автобиографик асар ва фильм

Яқинларини қидириб топганидан кейин Сарунинг ажабтовур тақдири ҳақида аввалига Ҳиндистонда, кейин эса дунёдаги кўзга кўринган газета ва журналларда ва телеканалларда хабарлар эълон қилинади.

www.eveyo.com

Шундан сўнг Сару кўплаб интервюлар беради ва машҳур одамга айланади. Шундан сўнг Брайерли бошидан ўтказганларини ёзиб, китоб қилиб чоп эттиради. Китобнинг номи «Уйгача олис йўл» деб номланади.

2016 йилда австралиялик машҳур режиссёр Гарт Дэвис Сарунинг китобини ўқиб қолади ва уни филм қилади. Филм илк бор 2016 йил сентябр ойида Торонто кинофестивалида намойиш этилади ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинади.

deadline.com

Филм 2016 йил ноябр ойида АҚШ, 2017 йил январ ойида Австралия кинотеатрларида намойиш этила бошланади.

Филмда бош ролни «Харобадан чиққан миллионер» филмидаги роли орқали жаҳонга танилган британиялик, келиб чиқиши ҳинд бўлган актёр Дев Пател ўйнаган.

Бундан ташқари, Ҳолливуднинг машҳур юлдузи Никол Кидман Сарунинг онаси ролини ижро этган. Филмга Сарунинг ҳақиқий исмидан келиб чиқиб «Шер» деб ном берилган.

www.yahoo.com

Филм продюсерлари унга 12 миллион доллар маблағ сарфлашади. Филм жуда қизиқарли чиққани учун у томошабинлар орасида анча муваффақият қозонади ва ижодкорларига 140 миллион доллар маблағ ишлаб беради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар