Amnesty’нинг Украинага қарши айбловлари атрофидаги можаро: Украина мактаблар ва шифохоналардан фойдаланиши мумкинми?

Жаҳон 10:43 / 14.08.2022 13801

Amnesty International ташкилоти Украина қуролли кучларини мактаб ва шифохоналарда ҳарбий базаларни асоссиз жойлаштиришда айблади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботи Москва томонидан қўллаб-қувватланди, аммо Киевда эътирозларга сабаб бўлди. Кейинчалик Amnesty ўз ҳисоботи украиналикларга озор етказганидан афсусда эканини билдирди, бироқ хулосаларидан тонмади. Бундай тактикалар ҳақиқатан ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқни бузадими? Ва унга муқобил вариант борми?

«Биз шу режимда ишлаяпмиз»

Ҳар куни эрталаб Украина шимолида жойлашган област марказидаги таълим муассасаси ходими Екатерина Андреевна (исми хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган) ишга боради. У биринчи бўлиб ҳамкасблари ёки қўриқчиларни эмас, балки Украина қуролли кучлари (УҚК) ҳарбий хизматчиларини кўради.

Унинг муассасаси хавфсизлик ва мудофаа соҳасига алоқаси йўқ, шунингдек, муҳим стратегик объект эмас. Ёзги таътил пайтида у ерда машғулотлар ўтказилмайди. Карантин туфайли баҳорда талабалар сони ҳам чекланди.

Аммо, аслида, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланиши биланоқ, бинонинг бир қисми УҚК томонидан фойдаланилмоқда. У ерга кириш тақиқланган, шунингдек, ҳарбийларнинг мақсади ва қанча муддат бинода бўлиши ҳақида сўраш мумкин эмас. Бинога кириш назорати кучайтирилган.

«Ҳозир шундай режимда ишлаяпмиз. Янги ўқув йилига тайёргарлик кўряпмиз, абитуриентларни қабул қиламиз ва ҳоказо. Ҳарбийлар бунга эътибор беришмайди, улар бинонинг бошқа қисмида яшайди, бизга фақат ошхонада, тушлик пайтида дуч келадилар, холос», дейди Екатерина.

Бу ягона ҳолат эмас. Украина ҳарбийлари фронтга яқин шаҳарларда ҳам, нисбатан хавфсиз ҳудудларда ҳам баъзан ўз бўлинмаларини фуқаролик муассасаларига жойлаштиради. Бу шахсий таркибни мамлакат бўйлаб бир текис жойлаштириш ва стратегик йўналишларда мудофаа позицияларини ташкил этиш учун қилинмоқда.

Amnesty ташкилоти танқиди

«Украина қўшинлари Россия босқинига жавоб қайтариш чоғида аҳоли яшаш жойлари, жумладан, мактаб ва шифохоналарда базалар ва қурол-яроғ тизимларини жойлаштириш орқали тинч аҳолини хавф остига қўйган», дейилади Amnesty International ҳисоботида.

Март ойи бошида РФ қўшинларининг ракета зарбаларидан вайрон бўлган мактаб биноси. Август ойига келиб Украинада қарийб 2 минг мактаб зарбага учраган. Фото: EPA

Ташкилотнинг Украина ваколатхонаси ушбу ҳисоботдан ўзини четга олди, унинг раҳбари Оксана Покалчук истеъфога чиққанини эълон қилди.

Amnesty International бош котиби Аньес Калламарнинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийларнинг бундай ҳаракатларини оқлаб бўлмайди ва улар тинч аҳоли учун хавф туғдиради. Шунингдек бу, гўё халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади.

«Ҳарбийлар урушда ҳеч қачон шифохоналардан фойдаланмаслиги керак. Мактаблар ёки фуқаролик биноларидан бошқа имконият қолмаганида, фақат сўнгги чора сифатида фойдаланиш мумкин», дея таъкидлайди Калламар.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ (ХГҲ), биринчи навбатда, Женева конвенцияси ва протоколлари қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган. Аслида у ҳарбийларга қўйилган ва тинч аҳолини урушнинг ҳалокатли оқибатларидан ҳимоя қилиши керак бўлган чекловлар билан тақиқлар рўйхатидан иборат.

Аммо улар орасида тиббиёт ва таълим муассасаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш тақиқланиши ҳақидаги банд йўқ. Шу билан бирга, ХГҲ қуролли кучларни аҳоли зич жойлашган ҳудудларда позицияларни ўрнатишдан тийилиш ҳақида қатъий огоҳлантиради. Чунки, ҳарбийлар фуқаролик муассасаларига жойлаштирилиши уларни автоматик равишда душман учун қонуний ҳарбий нишон мақомига ўтказади.

Қайд этиш жоизки, мактаблар ҳарбий можаролар нишонига тез-тез тушгани сабабли, 2010 йилда БМТ кўмагида Таълим муассасаларини ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича глобал коалиция (GCPEA) тузилганди. Унинг фаолияти доирасида Норвегия ва Аргентина ҳукуматлари «Мактаблар хавфсизлиги тўғрисидаги декларация» ва таълим муассасалари қуролли можаролар нишонига айланишининг олдини олиш бўйича аниқ кўрсатмалар ишлаб чиқди.

Декларация 114 давлат, жумладан, Украина томонидан имзоланган (2019 йил ноябр ойида). Имзолаганлар орасида Россия йўқ.

Ушбу ҳужжатларнинг асосий қоидаси қуйидагича: қуролли тўқнашув пайтида мактаблар ва университетлар, ҳатто таътил вақтида ҳам, ҳарбийлар томонидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланилмаслиги керак. Ташландиқ бинолардан бундай мақсадда фойдаланиш мумкин, лекин фақат имкони борича қисқа вақт оралиғида ва муқобил вариант бўлмаган тақдирда.

Агар мактаб ҳарбий объектга айланган бўлса, у ҳолда душман унга зарба беришни режалаштираётгани ҳақида олдиндан огоҳлантириши керак.

Amnesty International ўз ҳисоботида Украина ушбу Декларацияни имзолаганини ва ўз зиммасига муайян мажбуриятларни олганини эслатади. Таълим муассасаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш тинч аҳоли учун жиддий таҳдид, дейди ташкилот ва Украина кучлари, фуқароларни таҳдиддан огоҳлантирмаётгани, эвакуация қилишга ёрдам бермаётганини қўшимча қилади.

Украина расмийлари бу айбловларни рад этмоқда.

Президент Володимир Зеленский Amnesty ташкилоти «масъулиятни тажовузкордан жабрланувчи зиммасига ўтказаётгани»ни айтди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников ташкилот «адекватлигини йўқотгани»ни таъкидлади. Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба эса ҳисоботни «манипуляция» деб атади.

Миколайивдаги шифохона ҳовлисида россияликлар снарядидан ҳосил бўлган ўра. РФ қўшинлари ушбу шаҳарни деярли ҳар куни ўққа тутмоқда

Ташкилотнинг ўзида ҳам бош идоранинг хулосаларига қўшилмаганлар бўлди. Украина бюроси раҳбаридан ташқари, Amnesty International ташкилотининг Швециядаги бўлими асосчиси Пер Вестберг ҳам истеъфога чиқди.

Россия оммавий ахборот воситалари Amnesty ташкилотининг украиналик ҳарбийларга қарши айбловлар жой олган ҳисоботини ёппасига тарқатиб, уни Украинадаги туғруқхоналар, мактаблар ва болалар боғчаларига берилаётган зарбалар қонуний эканининг исботи сифатида тақдим этди.

Мажбурий тактика

Аммо замонавий урушлар шароитида, ҳатто томонлардан бирининг кучли иштиёқи билан ҳам халқаро ҳуқуқнинг барча нормаларига риоя қилиш мумкинми? Экспертлар бунга шубҳа билан қарашади.

«Украина шаҳарларида олиб борилаётган уруш шароитида буни имконсиз деб ҳисоблайман», деб тушунтиради Мудофаа тадқиқотлари институти ходими Натиа Сескурия. Ташкилот Буюк Британиянинг мудофаа ва хавфсизлик бўйича дунёдаги энг қадимги ва етакчи таҳлил марказидир.

Экспертнинг фикрича, Россия Украина шаҳарларини доимий равишда ўққа тутмоқда ва фуқаролик инфратузилмаларига зарба бериб, аҳоли пунктларини эгаллаш учун «ортиқча куч ишлатяпти».

Украина кучлари учун, дейди Сескурия, шаҳарларда жойлашишдан бошқа чора йўқ. Акс ҳолда рус қўшинлари кам куч сарфлаб, ўз мақсадига эришган бўларди.

«Шунинг учун ҳам Amnesty International ҳисоботи жуда муаммоли, айбловлар ҳозирги воқеликдан ажралган ва Украина қуролли кучлари ўз мамлакати ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун олиб бориши керак бўлган уруш моҳиятини тушунмасликни кўрсатади», дейди у.

Унинг фикрича, Украина армияси ҳозирда ёпиқ турган мактаб ва музейлар каби фуқаролик объектларидан қонуний фойдаланиши мумкин.

Экспертлар фикрича, украин ҳарбийлари позицияларини шаҳарларга жойлаштиришга мажбур. Фотода - Северодонецк марказидаги украин ҳарбийлари. Оғир жанглардан кейин июн ойида Россия ушбу шаҳарни эгаллаб олганди.

Бундан ташқари, у Украина ҳукумати бир неча бор тинч аҳолини фронт яқинидаги шаҳарлардан зудлик билан эвакуация қилинишга чақирганини эслатади.

Шу билан бирга, ушбу ҳудудлардан тинч аҳолининг «мажбурий кўчирилиши» яна Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларининг бузилиши сифатида баҳоланади. Шунинг учун, деб хулоса қилади Сескурия, Украина томони фуқароларни фронт чизиғини тарк этишга ундаши ва рағбатлантириши керак, бироқ уларни чиқиб кетишга мажбурлай олмайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Россия кучларининг бу урушни олиб бориш услубидан келиб чиқиладиган бўлса, Украина ҳарбийларининг фуқаролик объектларидан фойдаланишдан тийилиши жуда қийин ва иложсиз.

Бошқалар қандай уруш олиб борган?

Аммо бу муаммо фақат Россия – Украина уруши учун долзарб эмас, деб тушунтиради ҳарбий таҳлилчи ва тарихчи Михаил Жирохов.

Ўтган асрдаги ҳар бир қуролли тўқнашувда халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган, ҳатто томонлар ундан тийилишга ҳаракат қилган бўлсалар ҳам.

«Агар XX асрдаги урушлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда ҳимояланувчи томон фуқаролик инфратузилмаси элементларидан фойдаланмаслиги керак деган шартлар бўлмаган», дейди у.

Масалан, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари (2001 йилдан 2021 йилгача) тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга уринишган, деб эслайди эксперт. Улар ўз базаларини аҳоли яшаш пунктларидан ташқарида жойлаштиришга ҳаракат қилишган.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда 20 йил давомида толибларга қарши курашган. Бу вақт мобайнида минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳарбий ҳаракатлар қурбонига айланган. Фото: Reuters

Лекин, биринчидан, Афғонистонда урбанизация даражаси Украинадагидан анча паст, иккинчидан, АҚШ қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатлар пайтида фуқаролик объектларидан фойдаланишга мажбур бўлган ҳолатлар ҳам бор.

1970-80-йилларда Афғонистонда жанг қилган совет армияси халқаро ҳуқуқ каби масалаларга эътибор ҳам бермаган.

«Совет қўшинлари Кобулдаги барча фуқаролик инфратузилмасидан фойдаланган», - дейди у. «Хусусан, улар халқаро аэропортда жойлашган эди».

Россия ҳарбийлари Чеченистон ва Суриядаги ҳарбий юришларида ҳам худди шундай ҳаракат қилган.

Замонавий қуролли тўқнашувлар орасида Исроил ва Фаластин ўртасидаги қарама-қаршиликни қайд этиш мумкин. Масалан, Исроил томонидан Ғазо секторининг деярли ҳар бир ўққа тутилишида тинч аҳоли қурбон бўлади, деб таъкидлайди Жирохов. Бу урбанизация даражаси катта экани ва аҳолининг зич жойлашгани билан боғлиқ.

«Уруш пайтида фуқаролик ва ҳарбий бинолар ўртасидаги тафовут ўта нозик ҳолатда бўлади. Баъзан буни ажратиб олишнинг деярли имкони йўқ. Масалан, душман учун бу бино ҳудудий мудофаа базаси бўлса, биз учун мактаб», - деб тушунтиради тарихчи Жирохов.

Бунинг оқибатлари бўладими?

Украина кучлари томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши эҳтимоли Россия кучлариникига нисабатан «анча кам миқдорда бўлса-да» нафақат Amnesty International, балки БМТ тегишли департаментида ҳам муҳокама қилинмоқда.

Масалан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг июн ойидаги ҳисоботида Украина ҳарбийлари фуқаролик объектидан бир марта «тирик қалқон» сифатида фойдалангани эҳтимолига эътибор қаратилади.

Гап Луҳанск областининг Кременная шаҳри яқинидаги қариялар уйи ҳақида кетмоқда. Март ойи бошида, фаол жанговар ҳаракатлар ушбу объектга яқинлашганда, унинг раҳбарияти маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиб, беморларни эвакуация қилишда ёрдам сўраган. Аммо бу амалга оширилмаган, чунки «Украина ҳарбийлари йўлларни миналаб, ёпиб қўйишган».

Лисичанск (Луҳанск области) аҳолиси вакили ўзи ертўласида яширинган мактаб бомбардимон қилинганидан кейин

Шунингдек, БМТ кузатувчилари Украина қўшинлари пансионатга кириб, бостириб келаётган Россия қўшинлари билан отишма содир қилганини таъкидлашади. Биринчи бўлиб ким ўқ отгани халқаро кузатувчилар томонидан аниқланмаган. Отишма чоғида фуқаролик муассасасида ёнғин чиққан ва 71 бемордан фақат 22 нафари тирик қолган.

Киев 2014 йилдан бери халқаро гуманитар ҳуқуқнинг аҳамияти ва унга содиқлигини бир неча бор эълон қилганди. Уни амалга ошириш учун ҳужжатлар ишлаб чиқилди, уни ўрганиш ва қўшинларнинг риоя қилиши устидан назорат кучайтирилди.

Халқаро гуманитар ҳуқуқни қўллаш билан боғлиқ баъзи муаммолар Украинада уни амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органи ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Илгари бунга Адлия вазирлиги масъул бўлса, кейинги йилларда вақтинча босиб олинган ҳудудларни реинтеграция қилиш вазирлиги шуғулланмоқда. Ташкилот бошлиғи, бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук Amnesty ҳисоботини танқид қилган бўлса-да, ҳуқуқ ҳимоячилари атайлаб хато қилмаган, деган фикрни билдирди.

«Уларнинг баёнотини шундай тушуниш мумкинки, гўё Украина армияси ўз фуқаролари учун хавф туғдирмоқда. Менимча, бу инсон ҳуқуқлари ташкилоти ёмон иш қилмоқчи эмас. Балки бу сўзларни нотўғри танлаш ёки нотўғри урғу бериш оқибатидир», деб қайд этди у.

Сергей Петухов 2015-2019-йилларда Адлия вазирлигида халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳаси бўйича масъул ходим сифатида ишлаган эди.

Адвокат Петуховнинг айтишича, ўша пайтда у Халқаро гуманитар ҳуқуқ назорати билан шуғулланувчи ташкилотлар, хусусан, БМТ мониторинг миссияси билан доимий алоқада бўлган. Унинг сўзларига кўра, миссия ҳар доим ўз ҳисоботларида Украина расмийларининг муайян масалалар бўйича позициясини акс эттирган, шунингдек, ҳужжатнинг якуний версиясини эълон қилишдан аввал Киевга юборган.

Amnesty бу жиҳатни эътиборсиз қолдирган, шунингдек, тинч аҳолининг уруш зонасидан эвакуация қилиниши масаласи бўйича аниқ далилларни ҳам эътиборга олмаган. «Шу туфайли уларнинг ҳисоботи жуда ўринсиз бўлиб чиқмоқда», деди у.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳарбийларга ҳам, уларга буйруқ берган қўмондонларга ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Назарий жиҳатдан, Украина қуролли кучлари ҳарбийларининг баъзи хатти-ҳаракатлари Халқаро жиноий судда кўриб чиқилиши мумкин. У Россия-Украина урушидаги томонларнинг ҳаракатларини тергов қилишни бошлаган.

Аммо Адлия вазирлигининг собиқ ходими Украина ҳарбийлари ҳаракатларида халқаро ҳуқуқ меъёрларининг тизимли бузилиши аломатлари йўқлигига амин. «Мен ташвишланишга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман», дейди Петухов.

«Халқаро жиноий суд Украинадаги вазият бўйича мустақил тергов олиб бормоқда. Албатта, Amnesty ҳам бошқа ноҳукумат ташкилотлари каби ўз ҳисоботини судга юбориши мумкин», - деб тушунтиради у. Аммо улар фойдаланган услубдан келиб чиқиладиган бўлса, ҳисоботда аниқ далиллар йўқ. Шунинг учун ҳуқуқий жиҳатдан бу бемаъни айбловлар Халқаро жиноий суд позициясига таъсир қилмайди. Лекин сиёсий жиҳатдан, ҳа, улар аллақачон акс-садо бериб бўлган».

Украина Стратегик коммуникациялар ва ахборот хавфсизлиги маркази Amnesty International ўз ҳисоботини тайёрлашда гувоҳлар томонидан босим остида берилган кўрсатмалардан фойдаланган, шунинг учун уни объектив деб ҳисоблаш мумкин эмаслигига ишонтирмоқда.

Харкивдаги мактаб россияликлар зарбасидан кейин. Фото: Reuters

Мана беш йилдирки, Украина қуролли кучлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига қандай риоя қилиш бўйича аниқ кўрсатмаларга эга.

Унда қўмондоннинг ҳуқуқий масалалар бўйича махсус ёрдамчиси лавозими кўзда тутилган. Бундай ёрдамчи ҳарбий ҳаракатларни режалаштиришда иштирок этиши ва уларнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлигини текшириши керак. Агар қўмондон унинг фикрини эътиборсиз қолдирса ва қонунбузилишининг олдини олмаса, ҳуқуқшунос бу ҳақда юқори раҳбариятга хабар беришга мажбур.

Кўрсатмада замонавий уруш қоидаларининг асосий бандларидан бири ҳам бор: фуқаролик объекти, вазиятга қараб, «ҳарбий объектга айланиши мумкин». Аммо унинг ҳарбий мақсадларда ишлатилиши шубҳа уйғотса, биринчи навбатда фуқаролик объекти деб ҳисобланиши керак. Демак, у ҳужум нишони бўла олмайди.

Кўпроқ янгиликлар