СЭС соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш маркази ташкил этилади

Ўзбекистон 10:43 / 13.08.2022 2063

Вазирлар Маҳкамасининг “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш маркази ташкил этилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • марказ юридик шахс мақомига эга бўлган, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишга ихтисослаштирилган таълим муассасаси ҳисобланади;
  • марказ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
  • марказ фаолиятини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари, марказ хўжалик фаолияти ва шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлари, жисмоний ва юридик шахслар ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
  • марказ директори ва ўринбосарлари Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қуйидагилар марказ асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш;
  • санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасидаги кадрлар касбий ва маънавий-ахлоқий савиясини ошириш;
  • санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, ўқитиш самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

биологик хавфсизлик соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан:

  • токсиколог, профпатолог, эпидемиолог, бактериолог, вирусолог, паразитолог, энтомолог ва эпизоотолог каби мутахассисларни тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш ва нуфузини ошириш;
  • биологик жиҳатдан хавфли объектлардан фойдаланишда биологик хавфсизликни таъминлаш учун кадрлар, маъмурий-техник ходимларни тайёрлаш даражасини ошириш;
  • биологик хавфларни таҳлил қилиш, хавфларни бошқариш технологияларини қўллаш каби йўналишларда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;
  • идоралараро ўзаро ҳамкорлик қилиш, биологик тусга эга фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича машқлар ва машғулотларни ўтказиш;
  • санитария-гигиеник фаолият самарадорлигини ошириш, санитария-эпидемиология институтлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда илмий-методик ишларни ташкил этиш;
  • халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида мамлакат ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш.

Марказ Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Бунёдкор   кўчаси, 46-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Кўпроқ янгиликлар