Чехияга Россия нефтини етказиб бериш қайта тикланди

Жаҳон 09:25 / 13.08.2022 5358

Бир ҳафтадан кўпроқ давом этган танаффусдан сўнг, Украина орқали транзит ўтадиган «Дружба» қувурининг жанубий қисми орқали Россия нефтини Чехияга етказиб бериш қайта бошланди. 12 август, жума куни кечқурун AFP агентлигига «Дружба» нефть қувурининг Чехия участкаси эгаси ва оператори Mero компанияси матбуот котиби «етказиб бериш соат 20:00 да қайта тикланди», деди. Чехия саноат ва савдо вазири Юзеф Сикела аввалроқ унинг мамлакати нефть транзити учун йиғимларни тўлаш йўлини топганини айтганди. 

Газ қувурининг Россия оператори «Транснефт» компанияси 9 август куни Украина орқали нефть етказиб бериш 4 август куни тўхтатилганини маълум қилди. «Транснефт» буни июль ойи охирида Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари Украинага транзит йиғимларини тўлашга тўсқинлик қилгани билан изоҳлади. Чехиядан ташқари Словакия ва Венгрия ҳам жабр кўрди. 

Шундан сўнг, Словакиянинг Slovnaft нефть компанияси ва унинг Венгриянинг MOL бош компанияси Украина орқали ўтадиган қувур қисми учун транзит йиғимлари тўлашни таклиф қилди. Украина ва Россия томони ҳам рози бўлди. 10 августда Словакияга, 11 августда Венгрияга етказиб бериш қайта тикланди. Чехия ўз номидан музокаралар олиб борди ва муаммони ҳал қилишга муваффақ бўлди. 

Апрель ойида Европа иттифоқи давлатлари санкцияларнинг олтинчи тўплами доирасида Россияга қарши нефть эмбаргосини босқичма-босқич жорий этишга келишиб олди. Бироқ, Венгрия, Чехия ва Словакия РФ таъминотига қаттиқ қарамлигини билдириб, «Дружба» қувури орқали Россия нефти импорти бўйича ЕИ эмбаргосига бир қанча муддат давомида қўшилмасликни сўраган. 

Кўпроқ янгиликлар