Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳолат 2022 йил 4 август куни соат 01:30ларда Бухоро шаҳридаги “Аиробус” автомашиналарни ювиш шохобчасида содир этилган. Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган З.Л. ювиш учун қолдирилган, фуқаро О.Ш.га тегишли бўлган Matiz машинасини олиб қочиб, номаълум томонга яширинган.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган. “Тўсиб ушлаш” махсус тезкор режаси асосида ўтказилган қидирув тадбирлари давомида олиб қочилган машина Бухоро-Қашдарё вилоятларини боғлаб турувчи “Ширинбулоқ” ЙПХ масканидан ўтиб кетганлиги аниқланган ҳамда З.Л. Қашқадарё вилояти ҳудудида қўлга олинган.
Ҳозирда жиноят ишида гумон қилинувчи З.Л.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.