Ёқимсиз ҳақиқат: Арнаутович трансфери ҳақидаги гаплар «МЮ» энди топ-клуб эмаслигини кўрсатмоқда

Спорт 16:56 / 12.08.2022 10333

GOAL нашри «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер бозоридаги фаолияти ва тен Ҳаг дуч келаётган муаммолар тўғрисида таҳлилий мақола эълон қилди.

«Манчестер Юнайтед» томонидан Арнаутовичга қизиқиш пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалгач, ижрочи директор Ричард Арнолд ғазабнок фанатларнинг норозилик хатларига кўмилди. Вақт кўп нарсани ҳал қилади, аммо «Брайтон»дан учралган мағлубиятдан кейинги кунлар 33 ёшли футболчи трансфери ҳақидаги хабарнинг мавриди эмасди. Мухлислар ўзларини клуб томонидан масхара этилгандек ҳис қилишди.

Арнаутовичнинг амалга ошмай қолган трансфери энди «Олд Траффорд»да ҳамма нарса юз бериши мумкинлигини, клубда А, Б ва ҳатто C режаси ҳам йўқлигини, бу эса кетма-кет хатоларга йўл қўяётган клуб умидсизликка тушиб қолганини англатарди.

Асосий нишон Дарвин Нуньес экани ҳақидаги хабарлар билан бошланган ёз фаолиятининг охирига яқинлашаётган футболчи билан якунланмоқда. Наҳотки «Манчестер Юнайтед» уни марказий ҳужумчи сифатида асосий таркибда туширишни мақсад қилган бўлса?! Балки гап фақат таналар ҳақида кетаётгандир... Футболкаларни тўлдириш учун керак бўлган таналар ҳақида.

Аслида, агар «Манчестер Юнайтед» уни тўрт йил олдин, Жозе Моуриньо томонидан Златан Ибраҳимовичга ўринбосар сифатида кўриб чиқаётганда сотиб олганида, ёқимли трансфер бўлиши мумкин эди.

Марко Арнаутович («Болонья» ҳужумчиси)

Арнаутович ўзини Премьер-Лиганинг ўрта ва паст даражадаги клубларида тўпурар сифатида намоён қилди. «Юнайтед»нинг ҳозирги траекториясидан келиб чиқадиган бўлсак, балки раҳбарият уни жамоага мос ҳужумчи деб ҳисоблаган бўлиши мумкин.

Аммо бу трансфер ёши ўтиб бораётган яна бир ҳужумчининг жамоага қўшилишини англатарди. Худди Одион Игало, Эдинсон Кавани ёки Криштиану Роналду каби. Сўнгги иккаласи билан уни умуман таққослаб бўлмайди.

Бу навбатдаги муваффақиятсиз трансфер ойнасидан кейинги умидсиз ҳаракатлар эди, чунки «Юнайтед»нинг ҳужумчи излаш жараёни Нуньесдан Энтонига, кейинчалик Бенжамин Шешкога ва ниҳоят Арнаутовичга ўтди.

«Юнайтед» кўзлаган ҳужумчи Шешко «РБ Лейпциг»га ўтмоқда. Яна бир режа чангга айланди. Аммо у трансфер ойнаси очилганда асосий нишон эмасди ва музокаралар кеч бошланганди.

Нуньес трансферига алоқадор манбаларга кўра, «Юнайтед» унинг трансфери бўйича музокараларни «Ливерпул»дан олдин бошлаган, аммо суст ҳаракат қилган.

Бу ерда яна бир омил бор – харажатлар. «Зальцбург» Шешко учун 50 миллион фунт сўраган, бу жуда юқори нарх ҳисобланади. Нуньеснинг нархи 85 млн фунт эканини билгач, «Манчестер Юнайтед» унинг учун курашга қўшилмасликка қарор қилган.

Тахминан 8 миллион фунт турадиган Арнаутович анча арзон вариант бўлиб кўринганди. Бу эса ғазабланган «Юнайтед» мухлисларини Глейзерномика ҳақида яна гапиришга мажбур қилди.

Фанатларнинг «Манчестер Юнайтед» эгалари – Глейзерлар оиласига қарши норозилик намойиши

Ёзда Пол Погба, Кавани, Хуан Мата, Неманья Матич ва Жесси Лингард каби юқори маош олувчи футболчилар кетиши туфайли клуб харажатлари анча қисқарди. Бироқ, уларнинг ўрнини тўлдирадиганлар ҳамон йўқ.

Бюджетнинг катта қисми Френки де Йонг учун захира қилингани боис, сифатли ҳужумчи учун маблағ камдек туюлмоқда. Аммо де Йонг бошқа масала.

Сўнгги кунларда Френкининг камида тўртта муқобил вариантига қизиқиш пайдо бўлди: Фабиан Руис, Адриан Рабио, Гвидо Родригес ва Сергей Милинкович-Савич.

Манбаларга кўра, агар де Йонг трансфери амалга ошмаса, «Юнайтед» кўплаб захира вариантлари билан келишиб қўйган. Аммо нидерландиялик футболчи билан таққослаш мумкин бўлган Руисга келсак, «Юнайтед» уни ҳам қўлдан чиқарган кўринади. Чунки «Наполи» яримҳимоячиси «ПСЖ» билан шартнома имзолашга яқин.

Шунга қарамай, буларнинг барчаси сўнгги тўққиз йил давомида ўзининг кадрлар бўлимини «қайта таъмирлаш» учун катта маблағ сарфлаган клуб учун ниҳоятда бошбошдоқлик бўлиб кўриняпти.

Бош скаут Жим Лоулор ва глобал скаутлик бўлими раҳбари Марсел Бут каби асосий ходимларнинг кетиши жиддий ўзгаришларга олиб келиши керак эди. Бош музокарачи Метт Жаж ҳам кетди. Арнолд эса футбол директори Жон Мертоуга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ваколат берди. Шундай бўлса-да, тен Ҳагнинг муваффақиятсизлигида айнан «Юнайтед» скаутлари ва таҳлилчилари айбланмоқда.

Ричард Арнолд («Манчестер Юнайтед» ижрочи директори)

Руис, Рабио, Родригес, Милинкович-Савич... «Юнайтед» бутун ёз давомида де Йонгга муқобил вариантлар излади, аммо улар билан шартнома имзолаши мумкинлигига ишонмади. Бу эса ёндашув бошбошдоқлик билан қилинаётгани ҳақида тасаввур уйғотмоқда. Кўплаб клублар бундан фойда олишлари мумкинлигини ҳис қилишяпти.

«У диққат эътиборини фақат Тайрелл Маласия, Лисандро Мартинес, Кристиан Эриксен, Энтони ва де Йонг каби илгари бирга ишлаган ёки Нидерландия футболи билан алоқаси бўлган футболчиларга қаратди. Ҳатто Арнаутович билан ҳам 10 йил олдин «Твенте»да бирга ишлаган.

«Юнайтед» рекрутинг жамоаси уларнинг ўрнига қандай номларни таклиф қилди? Арнаутович келишуви осмонга кўтарилган нархлар ва мухлисларнинг норозилиги туфайли бекор қилинганидан кейин энди улар кимни олмоқчи?» деб ёзди GOAL нашрининг «Манчестер Юнайтед» хабарларига ихтисослашган журналисти Жеймс Робсон.

«Брайтон»га қарши ўйин арафасида тен Ҳаг фақат «жамоага керакли» футболчилар билан шартнома имзолаши ва агар мақсадга эриша олмаса, қўл остидаги футболчилар билан кифояланишини айтганди.

Бир неча кун ичида кўп нарса ўзгарди. «Брайтон»дан учралган мағлубият огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлди. Нидерландиялик мутахассис 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, бу «жуда машаққатли иш» эканини айтди.

Тен Ҳаг ўзидан олдинги мураббийлар сингари энди «Юнайтед» футболчилар учун аввалгидек жозибага эга эмаслигини тушунди. Эҳтимол, ҳозир Дэвид Мойес, Луи ван Гаал, Жозе Моуриньо ёки Оле-Гуннар Сулшер давридан ҳам камроқ жозибага эга бўлиши мумкин.

Эрлинг Ҳоланд учун Манчестернинг фақат «кўк» жамоаси қизиқроқ эди. Нуньес учун «Ливерпул»нинг атиги битта нигоҳи кифоя қилди ва у «Энфилд»ни танлади. Де Йонг «Барселона»да қолиш учун қаттиқ курашяпти. Ҳатто Эриксен ҳам «Брентфорд»дан кўра «Юнайтед»ни танлашга шошилмади.

2022 йилга келиб «Манчестер Юнайтед» мана шундай аҳволга тушди. Ёқимсиз ҳақиқат шундаки, улар Премьер-Лиганинг ҳақиқий элитасидан фарқли бозорда харид қилишмоқда.

Кўпроқ янгиликлар