ЕИда газни тежаш бўйича фавқулодда режа кучга киради

Жаҳон 10:47 / 06.08.2022 3491

Газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда вазият режаси кучга киргунга қадар охирги расмий тўсиқни енгиб ўтди. Бу ҳақда 5 август, жума куни Чехия – Европа иттифоқи кенгашининг амалдаги раиси ваколатхонаси маълум қилди.

Режага кўра, ЕИ барча мамлакатлари август ойи бошидан кейинги йил мартигача газ истеъмолини сўнгги беш йилдаги ўртача истеъмолга нисбатан ихтиёрий равишда 15 фоизга камайтириши кўзда тутилган. Унинг мақсади - Россиядан газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтириш. 

Агар кенг кўламли таъминот танқислиги фонида етарли даражада тежаш имкони бўлмаса, кейинги қадам ЕИ доирасида огоҳлантириш эълон қилиш ҳамда газ истеъмолини тежаш бўйича мажбурий мақсадларни белгилаш бўлади, бунда ушбу кўрсаткичлар учун тўсиқлар Еврокомиссия биринчи лойиҳасига нисбатан оширилади. Бу қадам ЕИнинг камида 15 мамлакати розилигини талаб қилади, улар эса бутун Евроиттифоқ аҳолисининг камида 65 фоизини ташкил қилади. 

Шу билан бирга, Европа энергетика тизими билан боғланмаган ЕИнинг бир қатор давлатлари газни мажбурий қисқартиришдан озод қилинади, чунки улар Евроиттифоқ бошқа давлатлари манфаатлари учун тенг тақсимлаш мақсадида катта миқдордаги ёнилғини бера олмайди. 

Дастлаб, фавқулодда вазият режаси бир йил давомида амал қилади. Ундан олдин у 26 июль куни ЕИ давлатлари энергетика вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида кўпчилик овоз билан маъқулланган эди. Режа «ЕИ расмий журнали»да эълон қилингандан сўнг кучга киради. 

Кўпроқ янгиликлар