Мажид Каримов ДТМдаги ёпиқ режим ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон 13:23 / 06.08.2022 14824

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг Telegram-каналидаги овозли чатда марказда тузилаётган саволлар ташқарига чиқиб кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

“ДТМ 28 июлдан бошлаб ёпиқ режимга кирган. Мана шу ёпиқ режимни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ тартибот органлари жалб этилган. Тест топшириқларининг чиқиб кетмаслигини назорат қилиш учун алоҳида гуруҳ ажратилган. Улар кеча-ю кундуз шу жараёнларни тўлиқ назоратга олишган. Бу ерда бирор топшириқ чиқиб кетиши мумкин ҳам эмас.

Бунда ходимларнинг ҳеч бири ташқари билан мулоқот қилолмайди, шунингдек, у ерда алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳам чекланган. Чунки жуда кўплаб овоз сўндиргичлари ўрнатилган, ҳатто бизнинг ҳудудга яқин бўлган қўшни идоралардан ҳам алоқа воситаларини ишлатолмагани учун эътирозлар бўлиб қолади. Бу жараён бизга керак бўлгани учун улардан узр ҳам сўраймиз.

ДТМ биносидаги саволлар китоблари / Фото: Kun.uz

Бу – қўшимча чоралар, қолаверса, четдан жалб қилинган мутахассислар жараённи тўлиқ назоратга олишган”, – деди ДТМ раҳбари.

Каримов Х-вариантлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Х-вариантга келсак, бунинг ўзи йўқ. Абитуриентларнинг ҳар бири учун алоҳида имзо варақлари берилади, бу варақлар компютерда шакллантирилгани учун кимга қандай савол тушиши ҳам номаълум.

Умуман олганда, бу йил салбий ҳолатлар кузатилмайди деб ўйлайман, чунки бунинг олдини олиш учун биз барча ҳаракатимиз, воситаларимизни сафарбар этганмиз”, – деди у.

ДТМ раҳбарининг айтишича, айни пайтда тестларга тайёргарлик якунланиш арафасида, жойларда стадион ва хиёбонлар шай ҳолатга келтирилган. Имтиҳон жойларига барча воситалар олиб борилган, ҳозирда уларнинг қанчалик созлигини текшириш кетмоқда.

Архив фото: Kun.uz

Ижодий имтиҳонлар

Мажид Каримов бу йил ижодий имтиҳон топшириладиган йўналишларга 12 мингдан зиёд абитуриент ариза топширганини маълум қилди. Шундан 4 минг нафарида сертификат бўлган, сертификати йўқ 9 мингдан ортиғи эса имтиҳонлардан ўтишган.

“Жараён жуда яхши ўтди, уни такомиллаштириш учун кейинги йилдан компютерлик тизими ҳам жорий этилиши мумкин. Бунда хориж тажрибаси ҳам ўрганилмоқда”, – деди марказ директори.

Унинг қўшимча қилишича, бу йил ижодий имтиҳонлар 11 та тил хорижий тил бўйича ўтказилган, кейинги йилдан бу рақам ортиши мумкин.

Суҳбат якунида ДТМ директори абитуриентларга ўзининг маслаҳатларини берди:

  • Имтиҳон куни озгина вақтли туриб, ўз вақтида бориш керак.
  • Тестга тамадди қилган ҳолда бориш керак.
  • Боргандан кейин ҳеч нарсадан қўрқиш керак эмас, агар нотаниш нарса, қандайдир тушунмовчилик учраса, ўша ердаги ходимлардан сўраш керак. Тест маркази ходимлари, гуруҳ назоратчилар тушунтириш беради.
  • Тест ечаётганда шошилмаслик керак. Саволга тушунмаса, уни ўтказиб, кейинроқ шу саволга яна қайтиб келиш зарур.
  • Тақиқланган нарсани олиб кириш керак эмас. Назоратчи билиб қолса, имтиҳон бошидан бекорга кайфиятни бузиб қўйиш мумкин.
  • Тестни ишлаб бўлгач, титул вароқни тўлдираётганда эҳтиёт бўлиш, шошилмаслик керак.

“Тест қўрқинчли нарса эмас, ҳаяжонланмаслик керак. Биз барча шароитларни, шаффофликни таъминлаб берамиз, худо хоҳласа, муаммо бўлмайди. Ёшлар қўрқишмасин, уларнинг ҳамма нарсага қурби етади, билими етади, фақат шунга ишонишсин. Бу жараёнда уларга яна бир бор омад тилайман”, – деди Мажид Каримов.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш учун тест синовлари 8 августдан бошланиб, турли ҳудудларда 10 кундан 13 кунгача давом этади.

Бу йил бакалавриатга 1 214 232 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Шундан 395 023 нафари – мактабни шу йил тугатганлар.

Имтиҳон жараёнлари интернет орқали жонли тарзда трансляция қилиниши кутилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар