Денгиз бўйидаги осуда ҳаёт – мўъжаз Карамурсел манзаралари

Жаҳон 22:40 / 06.08.2022 14926

Туркия – сеҳрли диёр. Аслида кўпинча Америкага нисбатан ишлатиб келинган бу иборани эндиликда Туркияга нисбатан қўлласа ҳам бўлади, бизнингча. Ахир минглаб юртдошларимиз учун ишлаш, яшаш, ўқиш ва саёҳат қилиш мамлакати бу. Бежизга кўпчилик ўзбеклар турк диёрига ошиқмаслигини у ерда ақалли бир марта бўлган одам ҳис қилади, тан олади.

Истанбул, Измир, Анталья, Аланья, Мерсин, Даламан, Эрзурум, Трабзон, Бодрум, Каппадокия ва яна кўплаб гўзал шаҳарлари бор бу ўлканинг биз учун очилмаган қирралари жуда кўп.

Асосий туристларимиз ўзлари учун Истанбул ёки Антальяни танлашади, бироқ юқорида санаб ўтганимиз шаҳарлардан ташқари яна қанча эртакнамо гўшалари бор бу диёрнинг. Узоққа бормаймиз, Истанбулнинг ён атрофида кўплаб шаҳарчалар ва қишлоқлар борки, таровати ва шукуҳидан мазза қиласиз.

Kun.uz мухбири “Туркия? Ҳа-а, Истанбулми?” деб фикрлайдиган юртдошларимизда ўрнашиб қолган ёрлиқдан қочиш мақсадида мегаполисдан бироз ташқарига чиқишга қарор қилди. Бу қарори уни Истанбулдан 1,5–2,5 соатлик масофадаги Измит кўрфази атрофидаги шаҳарча ва Belediye'лар (туманлар) томон бошлади.

Шаҳарлараро автобусда 2 соатлик, паромда эса 45 дақиқалик масофада гўзал Карамурсел шаҳарчаси бор. Ялова ва Измит шаҳарчалари ўртасида жойлашган бу маконни кўпчилик билмаса керак. Сўнгги йилларда сайёҳлар, у ҳам бўлса, хорижлик сайёҳлар ўзлари учун кашф қилган бу мўъжаз – аҳолиси 60 мингдан сал зиёд бўлган шаҳарча дам олиш, балиқ овлаш, чўмилиш ва шунчаки тоза ҳаводан нафас олиб, кўпгина мегаполислар шовқинидан “детокс” қилиш учун ажойиб маскан.

Карамурселликлар истанбулликлардан, айниқса, мегаполис Истанбулнинг Европа томонидаги аҳолидан фарқли равишда анчайин содда, самимий, очиқ ва хушмуомала эканини эътироф этиш керак.

Шаҳарча ҳам худди ундаги одамлар каби ҳашамдан узоқ, тартибли, кўркам, шинам ва содда. Йўллар равон, кўчалар тартибли, қирғоқлар озода.

Тош ётқизилган йўлкалар, кичик дўкончалар ва хизмат кўрсатиш нуқталари, мўъжаз бозорча ва яшил табиат уйғунлигини ҳис қиласиз бу ерда.

Минг марта гапиргандан, бир марта кўрган афзал. Қуйидаги фотомақола сизни Карамурсель сайрига чорлайди.

Мўъжаз шаҳарчада ҳам издиҳом бўлиб туради
Ҳокимликнинг панжараларсиз биноси
Шаҳар ҳокими сизни кутиб олади
Эътибор: Ногиронлар электр аравачаларини қувватлаш станцияси

Туркия Қизилой жамияти турли гўшаларга мобил станцияси билан бориб, кўнгилли донорлардан қон олади

Балиқчилар қайиқлари

Ҳайвонларга, айниқса мушукларга ғамхўрлик
Қуш уясидаги ёзув: Бўлишмоқ гўзалдир

Карамурсель апелсинлари

1999 йилдаги Зилзила қурбонлари хотираси учун ўрнатилган стелла

Йўлкўрсатгичлар ҳар ерда ва аниқ, лўнда. Адашиб қолишингиз қийин

Денгиз манзаралари

Қирғоқ бўйлаб ҳар 200 метрда спорт, воркаут ва болалар майдончалари бор

Карамурсел масжидлари
Бу юртда мулк ҳуқуқи кафолатланган. Эгасининг розилигисиз, "снос" қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, гарчи, уй умумий кўринишни бузиб турган бўлса ҳам

Карамурсел кўчалари

Кўп қаватли уйларда тартиб бор - ҳар бир уйда домофон, кираверишда ва лифтда эълонлар, қутидаги ҳисоб-фактуралар

Ижара велосипедлар станцияси: "Соғлик учун педаль айлантиринг

 

Кўриниб турган дарахтзор - қабристон. Туркияда қабристонлар одатда кўм-кўк дарахтзор ичида

Балиқчилар

Карамурсел халқ пляжи
Рангин зинапоя

Эскирган кийим, пойафзал ва ўйинчоқлар учун махсус қути. Кейинчалик улар қайта ишланиб, болалар майдончалари ва тўшамалар ишлаб чиқарилади
Карамурсел паром станцияси
Маданият маркази
Туркияда "Халқ нони" тушунчаси бор. Нисбатан арзонроқ нон сотиладиган киоск
Газеталар оддий дўконлар олдида сотилади

Шамол йўқ пайтдда беозор медузалар қирғоқларга емиш излаб келишади
Қўл ишлари ва сувенирлар бозорчаси

 

Тунги кўчалар
Отатурк илк бор қадам қўйган бино экан
Карамурсел – ҳузурнинг пойтахти

Бобур Акмалов

Кўпроқ янгиликлар