Япония Ўзбекистонда тежамкор генераторлар ва қуёш панеллари ўрнатиш лойиҳасини амалга оширмоқчи

Ўзбекистон 08:26 / 05.08.2022 2419

Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси Hanwa Co., Ltd Япония компанияси бошқарувчиси Дайгоро Фукузава билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Суҳбат чоғида япон компанияси ўз ҳамкорлари билан биргаликда республика чекка ҳудудларида жойлашган касалхоналарда мустақил электр ишлаб чиқариш технологияси татбиқ этилиши лойиҳасини амалга ошириш, тиббий муассасаларда газ ва дизел ёнилғиси ёрдамида электр қуввати ишлаб чиқарувчи тежамкор генераторлар ва қуёш панелларини ўрнатишдан манфаатдорлик билдирди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида JCM (қўшма кредитлаш механизми) асосида карбон кредитларни япон томонига экспорт қилиш лойиҳаси билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон энергетика, соғлиқни сақлаш, инвестиция ва савдо вазирликлари, туман ҳокимликлари ва маҳаллий тиббиёт муассасалари сармоялари ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) “Ривожланишга расмий кўмак” дастури имкониятларини жалб қилиш назарда тутилган.

Япон томони билдиришича, тиббий муассасаларда муқобил энергия манбаси узлуксиз мавжуд бўлиши беморлар ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, харажатларни қисқартириш ҳамда электр манбаига ортиб бораётган эҳтиёжларни қондириш мақсадида лойиҳа асосий объекти сифатида айнан тиббиёт муассасалари танлаб олинган.

Мустақил электр ишлаб чиқариш технологиясини татбиқ этиш афзал томонлари республикада электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, магистрал электр узатиш тармоқлари ва кичик станцияларда кучланиш олдини олиш асосий мақсадлардан бири экани алоҳида таъкидланди.

Лойиҳа ютуқ ва афзалликларини намоён қилиш мақсадида республика маҳаллий тиббиёт муассасаларидан бирида япон компанияси ва ҳамкорлари тежамкор муқобил энергияси ишлаб чиқарувчи генераторни ўрнатиш лойиҳасини татбиқ этиш таклиф қилинди.

Кўпроқ янгиликлар