Тайван Хитой машқларига жавобан самолёт ва кемалар юборди

Жаҳон 12:00 / 05.08.2022 11086

Тайван қуролли кучлари оролни ўраб турган ҳудудларда кенг миқёсдаги ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотлар фонида вазиятни кузатиш учун самолётлар, кемалар ва қуруқликдаги ракета тизимларини жўнатди. Бу ҳақда 5 август, жума куни Тайван Мудофаа вазирлиги маълум қилиб, Хитой манёврларини ўта провокацион деб атади. Унинг хабар қилишича, шу куни эрталаб Хитойнинг бир қанча кемалари ва самолётлари Тайван бўғозининг ўрта чизиғини кесиб ўтган. Шу билан бирга, Тайван ҳарбийлари жанговар шай ҳолатга келтирилди, бу ҳаракатлар уруш бошлаш бўйича ишора эмас, дейилади маълумотда.

Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь Хитойнинг орол яқинидаги машқларини «масъулиятсизлик» деб атади. Видеомурожаатида у Пекинни ақл-идрок ва вазминликка чақирди. Тайван кескинликка бормайди, лекин статус-квони сақлаб қолишни хоҳлайди, дея таъкидлади у. Цай, шунингдек, унинг маъмурияти Тайван портлари ва аэропортларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда молиявий бозорларни барқарорлаштириш учун чоралар кўраётганини айтди.

ХХР давлат ОАВ машғулотлар давомида Хитой ракеталари Тайван устидан учиб ўтганини хабар қилди. Пекин расмий равишда бу фактни ҳали тасдиқламади, Тайбэйдаги маъмурият эса разведка позициясига таяниб, Хитой ракеталарининг парвоз йўналишини тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортди. Ўз навбатида, Япония Мудофаа вазирлиги қайд этилган тўққизта ракетадан тўрттаси «тахминан Тайваннинг асосий ороли устидан учиб ўтганини» маълум қилди. 

Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги маълумотига кўра, машғулотлар давомида ҳарбийлар 100 дан ортиқ жанговар самолёт, жумладан қирувчи ва бомбардимончи самолётлар, шунингдек, 10 дан ортиқ эсминец (эскадра мина ташувчиси) ва фрегат (соқчи ҳарбий кема)ларни жалб қилган. 

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи ортидан бошланган Хитойнинг Тайван бўғозидаги машғулотлари 7 августгача давом этиши кутилмоқда. Улар Тайбэй расмийлари, шунингдек, АҚШ, Япония ва ЕИ томонидан кескин танқидга учради. 

Айни пайтда, ғарб давлатлари, жумладан, немис депутатлари Тайванга ташриф буюриши мумкин. Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси октябрь ойи охирида оролга сафар қилишни режалаштирмоқда, бу борадаги ариза сентябрь ойи бошидан кечиктирмай топширилади, деб ёзади dpa қўмитанинг бир неча аъзоларига таяниб. Шу билан бирга, ташриф узоқ вақтдан бери режалаштирилган ва Пелосининг сафари билан боғлиқ эмас, дейилади хабарда.

Сўнгги кунларда Нэнси Пелосининг оролига ташрифи муносабати билан Хитойнинг материка қисми ва Тайван маъмурияти ўртасидаги таранглик кучайди, АҚШ вакили 2 август куни кечқурун Осиё мамлакатлари бўйлаб турнеси доирасида Тайванга учиб келди ва 3 август куни уни тарк этди. Ташриф давомида Тайванни Вашингтоннинг қўллаб-қувватловига ишонтирган Пелоси 25 йил ичида Тайванга ташриф буюрган Қўшма Штатлар Конгресси Вакиллар палатасининг биринчи спикери бўлди. 

Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой расмийлари унинг оролга келишидан олдин ҳам кескин танқид қилган. 4 август куни, Пелоси кетганидан сўнг Хитой Халқ-озодлик армияси Тайванга яқин ҳудудда аввал эълон қилинган ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотларини бошлади. 

Кўпроқ янгиликлар