Ўзбекистоннинг Швециядаги янги элчихонасининг биринчи дипломати Стокҳолмга етиб борди, деб хабар бермоқда “Дунё”.
Дипломатик миссия маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Швеция қироллигидаги муваққат ишлар вакили вазифасини бажаради.
У Фарғона шаҳрида туғилган, 50 ёшда. 1993 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги Миллий университет) филолог-шарқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппаратда ва мамлакат хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Швецияга жўнаб кетишдан олдин у Ташқи ишлар вазирлиги Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Стокҳолмдаги дипломатик ваколатхона Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлади.