Хитой Тайван бўғозида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

Жаҳон 12:14 / 04.08.2022 7603

Хитой халқ-озодлик армияси 4 август, пайшанба куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифига жавобан Тайванга яқин ҳудудда ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотларини бошлади. Машқлар 7 августга қадар ўтказилади, улар доирасида аниқ нишонларга ўқ отиш режалаштирилган. Хусусан, Тайван бўғозининг шарқий қисмидаги аниқ ҳудудларга зарбалар бериш билан узоқ масофадан отишмалар амалга оширилди, деб хабар қилди Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги.

Ўз навбатида, Тайван маъмурияти вакиллари ҳарбийлар жанговар тайёргарлигини ошираётгани ва Тайван бўғозидаги вазиятга муносиб жавоб беришини маълум қилди. Хусусан, Хитой ҲҲК ҳаракатларини кузатиш учун Тайванда ракета тизимлари жойлаштирилди, Тайван ҳарбий кемалари эса Хитой ҲДК ҳаракатларини кузатиб бормоқда, деб хабар берди Reuters. Аввалроқ Тайван маъмурияти мустақил давлат мақомини ҳимоя қилувчи, бироқ расмий Пекин томонидан Хитой провинцияларидан бири деб кўрилувчи орол республикаси ҳудудига ХХР ҳарбийлари бостириб киришини истисно этмаган эди. 

Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) Тайван бўғозидаги кескинлик «йирик давлатлар ўртасидаги очиқ тўқнашувларга ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга» олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. «АСЕАН барча томонлар ўртасида тинч мулоқотни ривожлантиришда конструктив рол ўйнашга тайёр», — дейилади ассоциация баёнотида. У томонларни максимал даражада вазминликка ва провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирди. 

Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Хитойнинг Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказиш режаларини қоралади. «Нэнси Пелосининг ташрифидан Тайван бўғозидаги тажовузкор ҳарбий ҳаракатлар учун баҳона сифатида фойдаланишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчиларининг халқаро миқёсда сафар қилиши одатий ҳолдир», - деб ёзди ЕИ дипломатияси раҳбари Twitter’да.

Сўнгги кунларда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг оролга ташрифи туфайли Хитойнинг материк қисми ва Тайван ҳукуматлари ўртасидаги таранглик кучайди. Нэнси Пелоси Тайванга 2 август оқшомида Осиё давлатлари бўйлаб турнеси доирасида етиб келди ва 3 август куни у ердан жўнаб кетди. 

Ташриф давомида Тайванни Вашингтоннинг кенг қўллаб-қувватлашига ишонтирган Пелоси 25 йил ичида Тайванга ташриф буюрган Қўшма Штатлар Вакиллар палатасининг биринчи спикери бўлди. Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой расмийлари унинг оролга келишидан олдин ҳам кескин танқид билан чиққанди. 

Кўпроқ янгиликлар