«Қайси томонда эканимизни танлашимиз керак» — Италия парламентидаги йирик партияда Украинага ёрдам масаласида бўлиниш юз берди

Жаҳон 21:47 / 23.06.2022 22442

Италия парламентидаги энг йирик партия, ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи «Беш юлдуз ҳаракати»да 21 июн куни Украинага қурол-яроғ етказиб бериш масаласи билан боғлиқ равишда (камида сўзларда шундай) бўлиниш рўй берди.

Июн ойи бошида партия етакчиси, Италиянинг собиқ бош вазири Жузеппе Конте Италия Украина ва Россия ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга эътибор қаратиши кераклигини айтганди. «Биз уч марта қурол етказиб бериш жараёнида иштирок этдик ва энди бизга дипломатия соҳасидаги ҳиссамиз қимматлироқдек туюлмоқда», — деганди у. Партиянинг собиқ раҳбари ва ҳозирда Италия ташқи ишлар вазири ҳисобланган Луиджи Ди Майо қурол етказиб берилиши тўхтатилишига қарши чиққан, Il Post нашри уни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг европалик сиёсатчилар орасидаги энг ашаддий тарафдори дея таърифлаган.

Бу зиддият 23-24 июн кунлари бўлиб ўтаётган Европа кенгаши йиғилиши (бу йиғилишда Украинага ЕИ аъзолиги учун номзод мақоми берилиши кутилмоқда) олдидан Италия ҳукуматига маслаҳат бериш мақсадида парламент резолюциясини тайёрлаш жараёнида рўй берган. «Беш юлдуз ҳаракати» резолюцияга келгусида қурол-яроғ етказиб беришни тақиқлаш бўйича банд киритишни таклиф қилган, аммо Ди Майо ва унинг тарафдорлари бунга қарши чиққан. ТИВ раҳбари, хусусан, унинг партияси резолюцияга Италияни НАТО ва Евроиттифоқдан узоқлаштирувчи, бу орқали давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи таклиф киритаётганини айтган.

21 июн куни Италия Сенатидаги узоқ музокаралардан кейин қурол етказишни чекловчи пункт тушириб қолдирилган резолюция қабул қилинди. Шунга қарамай, Луиджи Ди Майо бошқа ўнлаб парламентарийлар билан биргаликда партиядан чиқишини ва «Келажак учун бирга» номи остида янги парламент гуруҳи тузилганини эълон қилди. Матбуот анжуманида сиёсатчи ўз собиқ партиядошларини рейтингдаги «бир неча фоиз пункт» учун ҳукумат фаолиятини шубҳа остида қолдиришга беҳуда уринишда айблади. Унинг сўзларига кўра, партия аъзолари кимни қўллаши борасида аниқ танлов қилиши керак эди: ҳужумга учраган Украинани ёки агрессор — Россияни.

«Уруш — медиа шоуси эмас. Бу уруш даҳшатли шафқатсизлик, даҳшатли реалликдир. Ва қурбонлар — чиндан ўлишган. Бу ойларда парламентдаги биринчи сиёсий куч бутун ҳукуматнинг дипломатик фаолиятини қўллаб-қувватлаши ва дудмолликдан қочиши керак эди. Аммо бундай бўлмади», — деган у. Ди Майо партиядан чиқиш тўғрисидаги қарор оғир бўлганини, ҳеч қачон бундай бўлиши ҳақида ўйламаганини таъкидлаб, шундай қарор қабул қилишга тўғри келганини айтган.

Комик Беппе Грилло томонидан асос солинган «Беш юлдуз ҳаракати» 2010-йилларда сайловчилар орасида кенг машҳурликка эришган. Бу аввалига коррупцияга ва сиёсий истеблишментга қарши чиқувчи популистик лойиҳа бўлган. 2018 йилда эса парламентда энг кўп ўринга эга бўлган партияга айланган ва сайловларда иккинчи ўринни олган миллатчиларнинг «Лига» партияси билан биргаликда коалицион ҳукумат шакллантирган. Бош вазирлик лавозимини ўшанда бу партияларнинг ҳеч бирига мансуб бўлмаган Конте эгаллаган; Ди Майо ва «Лига» етакчиси Маттео Сальвини эса вице-премьерлар бўлишган.

2021 йилда парламент инқирозидан кейин Конте истеъфога чиққан; ҳукумат раҳбарлигига Европа Марказий банкининг собиқ раҳбари Марио Драги келган. Собиқ бош вазир эса «Беш юлдуз ҳаракати» раҳбари лавозимини эгаллаган. Натижада, Il Post нашрининг ёзишича, Конте партияни радикализм томон бошлаган, бу вақтда бутун сиёсий фаолиятини «Беш юлдуз ҳаракати»да қурган Ди Майо эса нисбатан мўътадил қарашларни ифода этиб, ҳукуматпараст қанот вакилига айланган.

Il Post нашрининг ёзишича, «Беш юлдуз ҳаракати»даги парчаланиш ҳукумат фаолиятига турлича таъсир кўрсатиши мумкин. Биринчидан, эндиликда парламентда энг йирик партия бўлиб қолган — «Лига» — коалицион ҳукуматдаги ваколатлари кенгайтирилишини сўрай бошлаши мумкин. Иккинчидан, ҳукуматдаги қатор вакиллари партияни тарк этган «Беш юлдуз ҳаракати» коалициядан чиқиши ва мухолифатга ўтиши мумкин. Норасмий маълумотларга кўра, Жузеппе Конте бу вариантни истисно қилмоқда, аммо кузда бюджет муҳокамаси вақтида шундай бўлиши ҳам мумкин. Il Post нашри қайд этишича, шундай бўлган тақдирда ҳам Марио Драги парламентдаги кўпчиликка таяниши мумкин бўлади, аммо ҳукумат таркибини ўзгартиришга тўғри келади.

Сайловлардан кейинги тўрт йилда «Беш юлдуз ҳаракати»нинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси таркиби 220 депутатдан 105 депутатгача қисқарган (сўнгги парчаланиш ҳам ҳисобга олинганда). Партия рейтинги, Politico нашри маълумотига кўра, 2018 йилдаги 34 фоиздан 12 фоизгача тушган. Италия парламенти учун кейинги сайловлар 2023 йилда бўлиб ўтиши керак — Politico нашри муаллифлари фикрича, сиёсатчиларнинг Украинадаги уруш ва Владимир Путинга муносабати бўйича позицияси овозлар учун курашда муҳим рол ўйнайди.

Ҳозирда мамлакатда энг юқори рейтинг (22 фоиз) — «Италия биродарлари» ўнг консерватив партияси ҳисобланади, 2018 йилда бу партия атиги 4 фоиз атрофида овоз олган ва ҳукуматга мухолиф позицияни эгаллаганди. Politico нашри партия етакчиси, иммиграция ва жинсий озчиликлар масаласида радикал позиция танлашини яширмайдиган Жорж Мелони иқтисодий масалаларда мўътадил қарашларга эгалиги ҳамда Украинага қурол етказиб беришни фаол қўллаб-қувватлашига (гарчи, сўровларга кўра италияликларнинг қарийб ярми бунга қарши) эътибор қаратган.

Журналистлар фикрича, Мелони ҳукуматнинг у қадар оммабоп бўлмаган қарорини қўллаш орқали келгусида ўзига ёрдам бериши мумкин бўлган салобатли имиж яратишга ҳаракат қилмоқда. Таққослаш учун, етакчиси Маттео Сальвини муҳим масалада позициясини ўзгартирган ва ҳозирда Украинага қурол юборишни қўлламаётган «Лига» партияси рейтинги 2019 йилдаги 37 фоиздан 15 фоизгача тушиб кетган.

Кўпроқ янгиликлар