“Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни мониторинг қилиш керак” — Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси

Ўзбекистон 11:00 / 23.06.2022 3440

Аҳоли истеъмол қиладиган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришлар кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов бу ҳолатни назорат қилиш учун мониторинг йўқлигини айтди.

Сўнгги кунларда айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларида кескин ўзгаришлар бўлаётгани кўпчиликда саволлар келтириб чиқараётгани сир эмас. Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини сақлаш борасида қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор тарзда ушлаб туриш учун уларни етиштириш ҳамда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш миқдорини кўпайтириш лозим. Бизда асосий халқ истеъмол товарлари ҳисобланмиш кунгабоқар, олий навли буғдой, шакарқамиш каби маҳсулотлар жуда кам миқдорда етиштирилади. Авваллари шакарқамиш Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятларининг баъзи бир ҳудудларида экилар эди. Ҳозир эса асосан импорт қилинмоқда”, деди у.

Уюшма раисига кўра, халқимизнинг асосий истеъмол маҳсулотлари бўлган кунгабоқар, олий навли буғдой, шакарқамиш каби маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш яхши натижа беради.

“Бундан ташқари, маҳсулотлар нархини барқарор тарзда ушлаб туриш учун етиштириш ва ишлаб чиқариш мониторингини ташкил этиш керак. Қаерда қандай маҳсулот қанча миқдорда етиштириляпти ёки ишлаб чиқариляпти? Айнан шу каби саволлар саволлигича қолиб кетмоқда. Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан статистик, мониторинг маълумотларини ололмаяпмиз, хусусан, расмий сайт ва бошқа манбаларда бу каби маълумотлар тақдим этилмаган.

Мониторинг маълумотлари очиқ бўлиши зарур, деҳқон ва фермерлар йил бошида қандай маҳсулотни қанча миқдорда етиштиришни билишлари керак. Шунда бир йил бу маҳсулот, бир йил бу маҳсулот нархининг «катта сакраши», ошиб ёки тушиб кетиши ҳолатлари кузатилмайди, шунингдек, исрофгарчилик, вақт ҳамда меҳнат увол кетиши ҳолатларининг олди олинади.

Бундан ташқари, маҳсулотларни экспорт қилиш учун ҳам мониторинг маълумотлари муҳим ҳисобланади. Ўтган йили «Агрозан» халқаро савдо компанияси вакиллари Ўзбекистондан Хитой давлатига 600 минг тонна мош экспорт қилиш таклифи билан уюшмамизга келишди. Аммо бизда 600 минг тонна мошни бир вақтнинг ўзида топиб бериш имкони бўлмайди. Сабаби айнан мошнинг қайси ҳудудда қанча миқдорда етиштирилаётгани ҳақида маълумотлар йўқ эди”, дея таъкидлади Баҳодир Умиршайхов.

Мамлакатимиз аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашда давлат ва хусусий ташкилотлар ҳамкорликда фермер ҳамда деҳқонларимизга ёрдам беришимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур.

Маълум қилинишича, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда давлат ва хусусий ташкилотлар ҳамкорликда фермер ҳамда деҳқонларга яқиндан ёрдам бериб, уларни қўллаб-қувватлайди. Уюшма фермер ҳамда деҳқон хўжаликларидан бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мурожаатларни кутиб қолади.

Мурожаат учун:

+998997232111     +998712203313

t.me/UFIAgr           t.me/ufia_uz

“Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати” уюшмаси Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар