Марадонанинг шифокорлари унинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбланиб судга тортилади 

Жаҳон 07:43 / 23.06.2022 6110

Аргентиналик собиқ футбол юлдузи Диего Армандо Марадонанинг тиббий жамоаси саккиз нафар аъзоси эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлганликда айбланиб, судга тортилиши керак, деб хабар берди AFP 22 июнь, чоршанба куни суддаги манбасига таяниб. Бўлажак жараённинг аниқ бошланиш санаси ҳозирча айтилмаган. 

Айбланувчилар орасида нейрохирург ва Марадонанинг шахсий шифокори Леополдо Луке ҳам бор. Марадона 2020 йилнинг ноябрида 60 ёшида вафот этди, ўлимнинг расмий сабаби юрак-қон томир тизимининг бузилиши бўлди. Бундан уч ҳафта олдин Луке Марадонага миядаги тромбни олиб ташлаш учун операция ўтказган эди. 

Тергов шуни кўрсатадики, бемор касалхонадан жуда эрта чиқарилган ва унинг шифокорлар гуруҳи унга етарлича ёрдам кўрсатмаган, Марадона эътиборсизлик туфайли бир ўзи қолиб кетган. Айбланувчилар орасида психиатр Агустин Косачов, психолог Карлос Диас, тиббий координатор Нэнси Форлини, Марадона билан ишлаган ҳамширалар ва санитарлар ҳам бор. Уларнинг барчаси ўз айбларини инкор этяпти. Агар айбдор деб топилса, улар 8 йилдан 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

2020 йилнинг 26 ноябрь куни Диего Марадона билан видолашув маросими тартибсизликларга айланиб кетди. Ўшанда маросим бўлиб ўтган президент саройи олдидаги майдонга йиғилган ўн минглаб мухлислари ўз кумири билан хайрлашишга йўл қўймасликларидан қўрқиб, кордонни ёриб ўтишди. Полиция билан тўқнашувлар содир бўлиб, бир неча киши яраланди. 

Кўпроқ янгиликлар