Сурхондарёдаги мажлис вақтида 8 киши қўлга олинди

Ўзбекистон 19:46 / 22.06.2022 48601

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бюджет ва кредит маблағларини ўзлаштирганликда гумонланаётган 1 нафар собиқ банк ходими ва 7 нафар турли ташкилот ходимларини эҳтиёт чораси сифатида мажлис жараёнида қамоққа олган.

Бу ҳақда хабар берган ЎзА воқеа айнан қачон ва қаерда рўй берганига аниқлик киритмаган. Хабарда бир неча жиноят ишларига оид айрим тафсилотлар келтириб ўтилади.

Унга кўра, май ойида “Сурхондарё дон маҳсулотлари” АЖга қарашли “Алпомиш” ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. 12 млрд 87 млн сўмлик 2 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилган бўлиши мумкинлиги маълум бўлган.

Тергов давомида Д.А. 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 млрд 607 млн сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси “гаров”га ўзгартирилган.

Мазкур жиноят иши доирасида “Музработ дон қабул қилиш шохобчаси” собиқ мудири О.И. ва “Алпомиш” ун тегирмони собиқ раҳбари Ё.О. катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилган бўлиши мумкин. Уларга нисбатан ҳам “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Ё.О. қиймати 4 млрд 886 млн сўмлик 1 166 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилганликда гумонланяпти. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли қиймати 5 млрд 400 млн сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси ҳам “гаров”га ўзгартирилган.

Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж. томонидан жиноий йўл билан топилгани гумон қилинаётган 2 та “Жентра” русумли енгил автомашина ҳам тегишли тартибда хатланган.

Яна бир ҳолат: 2021 йилда Шўрчи туманидаги “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ тасарруфидаги 1 376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Амалда технология 142,7 гектар майдонда барпо этилиб, пудратчи “Agro new drip” МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Ҳисоботларда эса ишларнинг тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бу эса катта миқдордаги субсидия маблағларининг ажратилишига сабаб бўлган.

Ўрганишлар натижасида, “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Т.А. ва ушбу бошқармада фаолият юритиб келаётган айрим масъул шахслар давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши ҳақидаги имкониятдан қасддан фойдаланиб, юқоридаги 142,7 гектар майдондан ташқари, қўшимча 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузганликда гумонланмоқда.

Оқибатда “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖга 6 млрд 747 млн 640 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ажратилган ва иқтисодиётга катта миқдорда зарар келтирилган. Ҳолат юзасидан Т.А.га гумонланувчи сифатида “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ масъул шахслари томонидан келтирилган 6 млрд 747 млн 640 минг сўмлик зарарнинг давлат фойдасига ундирилиши таъминланган. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси “гаров”га ўзгартирилган.

Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқандда аҳолига ажратилган ун маҳсулотини сотиб юборган МЧЖ раҳбарига жиноят иши қўзғатилган эди.

Кўпроқ янгиликлар