Кореяга ишга кетиш учун 19 киши бошқанинг ўрнига имтиҳонга киришга урингани аниқланди

Ўзбекистон 13:35 / 22.06.2022 7045

Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрида ўтказилаётган EPS-Topik тест имтиҳонларида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Kun.uz'га маълум қилди.

“Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, бугунги кунга қадар бошқа фуқаро ўрнига тестга кириш ва тестда қўшимча воситалардан фойдаланишга уриниш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланган. Жумладан, 19 та ҳолатда имтиҳонда қатнашиш учун рўйхатдан ўтган шахснинг ўрнига бошқа одам тестга киришга уринган бўлса, 4 та ҳолатда имтиҳон топширувчилар телефондан фойдаланишга ҳаракат қилган.

Аниқланган барча қоидабузарликлар бўйича агентлигимиз ходимлари томонидан далолатномалар расмийлаштирилган”, дейди агентлик раҳбарининг матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.

Қайд этилишича, тест имтиҳонларини адолатли ўтказиш учун Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда барча техник ва ташкилий чоралар кўрилган. Хусусан, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тест ўтказиш учун махсус планшетлар келтирилган бўлиб, ушбу планшетдаги тест саволлари иштирокчи қиёфаси автоматик тарзда аниқлангандан кейин очилиши (Face ID) тизими ҳам жорий этилган.

“Имтиҳонга киришдан олдин ҳар бир фуқаро Face ID тизими орқали текширилиши, бу ерда ҳеч қандай алдов ўтмаслиги ҳақида юртдошларимизни қайта-қайта огоҳлантиришимизга қарамай, қоидабузарликлар давом этаётганидан ҳайратдамиз.

Одамнинг қиёфасини автоматик тарзда аниқловчи планшетлар Кореядан махсус келтирилган. Буларнинг ҳаммаси имтиҳонларнинг холис, адолатли ўтиши, инсон омили аралашувининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Фуқароларимиз имтиҳон қоидаларини бу тахлит бузишда давом этаверишса, бу ўзбекистонлик иш изловчиларга нисбатан кореяликларнинг ишончи йўқолишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаролар 3 йил давомида ана шундай имтиҳонларда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Шу боис Кореяда ишлаш ниятида бўлган юртдошларимиздан имтиҳон жараёнида барча тартиб-қоидаларга риоя қилишларини яна бир марта сўраб қоламиз”, дейди Ортиқхўжа Норов.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда вақтинчалик ишга бориш истагидаги меҳнат муҳожирларини саралаш мақсадида ўтказиладиган EPS-Topik UBT тест синовлари 2 июнда бошланган бўлиб, 15 июлга қадар давом этади.

Фуқаролик ҳамда хорижга чиқиш паспортини олиб келмаган ҳамда белгиланган сана ва вақтидан кеч қолган фуқаролар тест синовига киритилмайди.

Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати шартларига кўра, такрор ёки қайта аппеляция EPS-Topik UBT тест имтиҳонлари ўтказилмайди.

Кўпроқ янгиликлар