Британия разведкаси: «ДХР» урушда ўз кучларининг ярмидан айрилган

Жаҳон 21:10 / 22.06.2022 18816

Британия ҳарбий разведкасининг янги ҳисоботида айтилишича, Украинага қарши урушаётган Россия қўшинлари ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» кучлари Донецк областида оғир талафотларга учраган.

Британ ҳарбийлари баҳолашича, «ДХР» айирмачилари дастлабки шахсий таркибнинг 55 фоизгача бўлган қисмини йўқотган (ҳалок бўлганлар ва яраланганлар), бу уларнинг кучлари ўта юқори даражада ҳолдан тойганини англатади. Бу хулоса «ДХР» расмийлари томонидан эълон қилинган маълумотларга асосланган.

Разведканинг ҳисоблашича, Россия қисмлари бўйича ҳам шу каби хулосалар бериш мумкин, улар ҳам катта йўқотишларга учраган.

Шу билан бирга Россия қўшинлари Лисичанск шаҳрини тўлиқ қуршовга олиш ва бутун Луганск области устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли амалиётни давом эттирмоқда.

Британия разведкаси Россия катта эҳтимол билан Донбасс шарқида катта миқдордаги захира кучларни жойлаштиришга тайёрланаётганини ҳам тахмин қилган.

Россия анчадан буён Украинадаги урушда берилган қурбонлари сонини очиқламаяпти.

Аммо «ДХР»нинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дарья Морозова ўтган ҳафтада 2022 йил бошидан буён айирмачилар 2128 қурбон бергани ва 8897 киши яралангани ҳақида маълумот берганди.

Бир неча ойдан буён Донецк областидан тинч аҳоли мажбурий тартибда ҳарбий хизматга жалб этилаётгани ва жангга ташланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Қолаверса, уларга эски кийим-кечаклар ва ўн йиллар олдин фойдаланишдан чиқарилиши керак бўлган қуроллар берилади, шунинг учун «халқ милицияси»дан юқори жанговар руҳ кутиш ўринсиз.

Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, «ДХР»нинг айрим ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизматдаги ўз шароитларини қулликка тенглаштирган ва дезертирлик қилишга тайёр (бу маълумотни мустақил манбадан текширишнинг имкони йўқ).

«ДХР»нинг собиқ амалдорларидан бири, ўз раҳбарияти олиб бораётган сиёсатдан ҳафсаласи пир бўлган Евгений Михайлов май ойида донецклик захирадан чақирилган, ҳарбий тайёргарлик курсларидан ўтмаган аскарлар олдинги чизиқларга юборилаётгани, Россия эса фронтга янги чақирилганларни юборишни тўхтатгани ҳақида айтганди.

Жорий ҳафтада эса «ДХР» маъмурияти «ДХР» армиясига қўшилишни истаган барча хорижликлар учун бир йиллик шартнома таклиф қила бошлади.

Кўпроқ янгиликлар