«Ҳисор» давлат қўриқхонаси маъмуриятининг хабар беришича, 2022 йил 20 июндан 21 июнга ўтар кечаси қўриқхона ҳудудига кирувчи тоғларда қор ёғган.

«Ҳисор» давлат қўриқхонаси илмий ходими Беҳруз Бегалиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кеча тунда қор қўриқхонанинг Мираки, Ғилон, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимларидаги тоғларнинг баланд қисмларига ёғган.

Унинг айтишича, ҳаво булутли бўлгани учун ёғган қор ҳалиям сақланиб турибди.
“Кеча ёғган қор ҳаво булутли бўлгани учун камида уч кун сақланиб туради. Қачон қуёш тўлақонли кўринса, кейин эриб кетади”, дейди Б.Бегалиев.

Маълумот учун, Ҳисор давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил Мироқи ва Қизилсув қўриқхоналарини бирлаштириш натижасида ташкил этилган.

Ҳисор давлат қўриқхонаси Помир-Олой тоғ тизимига кирадиган Ҳисор тизмасининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, унинг умумий ер майдони 80 986,1 гектар. Шундан 2000 гектар экотуризм учун ажратилган қўриқланма зона ҳисобланади. Қўриқхона 4 та бўлимга бўлинган:
- - Ғелон бўлими ер майдони – 18 838,1 гектар.
- - Мираки бўлими, ер майдони – 11 821 гектар.
- - Танхоздарё бўлими ер майдони – 20 233 гектар.
- - Қизилсув бўлими ер майдони – 30 094 гектар.


Қўриқхона ҳудуди 17 та сарҳад, 54 та айланиш бўлакчасидан (кварталлардан) иборат. Унинг бутун ҳудуди ягона массив сифатида шарқдан ғарбга 37 км, шимолдан жанубга 90 кмга чўзилган.
Қўриқхона ҳудудидаги чўққиларнинг баландлиги 2500 метрдан 4421 метргача етади. Жумладан, Ҳазрати Султон тоғи – 4266 метр, Хўжа-киршавор – 4303 метр, Тўртқўйлик – 4366 метр, Биби-Ўлмас тоғи – 4349 метр.