Францияни бошқариш қийинлашади: Макрон парламентдаги ҳукмронликни бой берди

Жаҳон 15:27 / 21.06.2022 14178

Сўлчилар ва радикал ўнгчилардан иборат альянс сайловларда кутилганидан кўп овоз олиб, Макрон Франция раҳбари сифатида иккинчи муддатида амалга оширишни кўзлаган ислоҳотлар келажагини сўроқ остида қолдирди. Таҳлилчилар Франция қонун чиқарувчи органларида тушунмовчилик пайдо бўлиши ва Макрон тезда коалиция тузишга киришишини тахмин қилишмоқда.

Путинни урушни тўхтатишга чақиришга, Ғарб сиёсатчилари орасида масъулиятни ўз гарданига олишга уринаётган 44 ёшли Макрон энди узоқ вақт ички сиёсий жараёнлар билан банд бўлиб қоладиганга ўхшамоқда.

Макроннинг «Бирлик» коалицияси ҳамон Франция Миллий мажлисининг энг катта партияси бўлиб турибди, лекин Макрон тарафдорлари янги таркибда 245 та ўринга эга бўлишди, яъни 100 тага яқин ўринни бой беришди. Қуйи палатада кўпчиликка эга бўлиш учун эса 577 нафар депутатнинг камида 289 нафари бир партия вакили бўлиши керак. Камида 44 та кам овоз тўплаган Макрон етакчилигидаги ҳаракат энди бошқалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур.

Президентлик сайловларида кетма-кет икки марта Макронга енгилган Марин Ле Пен бошчилигидаги радикал ўнгчилар партияси қуйи палатада ўз тарихидаги энг кўп овозга эга бўлди. Қайта ташкил этилган «Nupes» сўлчилар блоки эса парламентдаги энг йирик мухолиф фракция сифатида шаклланди.

Эндиликда Макроннинг олдида қийин танлов турибди: ёки бошқарув коалициясини ташкил этиш ёки кўпчиликни қўлга кирита олмаган ҳукуматни бошқариб, парламентга киритиладиган ҳар қандай қонун учун талашишга мажбур бўлиш.

Бунақаси президентлик ваколати кенгайтирилган Бешинчи республика тарихида фақат бир марта содир бўлган: 1988 йил социалистлар етакчиси бўлган президент Миттеран партияси парламентда устунликни бой берган ва иккинчи муддатда бошқа партиялар билан муроса қилишга мажбур бўлган.

Бундай ҳолатда томонлар келиша олмаса, қонун чиқарувчи органлар фаолиятида узилиш пайдо бўлади. Ҳукмрон партия парламентда озчиликда қолгани сабаб фақат номигагина етакчиликни сақлаб қолади, аслида эса йил охирида бюджет тўғрисидаги қонунни ҳам мустақил қабул қила олмайди. Макрон давлат раҳбари сифатида муддатидан олдин парламент сайловлари ҳақида эълон қилиши мумкин, аммо бунда ҳам унинг ғалабасини ҳеч ким кафолатлай олмайди.

1997 йил Жак Ширак ҳам парламентдаги устунликни бой беради. Кейин иккинчи уринишда ғалабага умид қилиб муддатидан аввал парламент сайловлари эълон қилади. Оқибатда эса янги кўпчилик билан келишиб ишлашга мажбур бўлиб, ҳукуматдаги деярли барча бошқарув ричагларини йўқотади. Аммо ҳозирда Макрон қайта сайловни эълон қилиши тўғри ечим эмас. Биринчидан, унинг ғалабаси кафолатланмаган, иккинчидан, қайта сайловда ҳам енгилса, президент кейинги сайловларни бир йилдан аввал эълон қила олмайди. Учинчидан, ўз манфаати учун қайта сайлов эълон қилиши нафақат Макроннинг ислоҳотларига соя солади, балки унинг истеъфосига олиб келиши мумкин.

Макрон апрелда президентлик сайловларида ғалаба қозонганида атрофидагилар у ғолиблик кайфиятида бўлмаганига эътибор берганди. Ҳатто ғалаба учун махсус нутқ тайёрламаган Макрон парламент сайловидаги натижалар унинг учун яхши бўлмаслигини олдиндан билгандек. Франция президентининг олдиндан сезиш қобилияти бу гал ҳам, ўз фойдасига бўлмаса-да, уни уялтирмади.

Парламент сайловларидаги натижалар шуни англатадики, иккинчи муддат биринчисидан кескин фарқ қилади. Макрон энди «гапига кирадиган» қонун чиқарувчи органга буйруқ бериб ишлай олмайди. Аксинча унинг ислоҳотларига қаршилик қилишга уринадиган Миллий мажлисдаги кўпчилик билан курашишга мажбур. Энди Макрон мухолифатчилар билан, консерватив республикачилар билан музокара ўтказишга мажбур.

Reuters'нинг Франция ҳукуматидаги манбаси Макрон ўтган ҳафтада Сенат раиси бўлмиш республикачилар вакили Жерар Ларше билан эълон қилинмаган учрашувда иштирок этганини айтган. Манбанинг тахминича, томонлар тузилиши мумкин бўлган коалицияни муҳокама қилган. Партия етакчилари сайловлардан кейин Макрон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ҳақида эса гапираётгани йўқ.

Собиқ президентлар Николя Саркози ва Жак Ширакнинг партияси бўлмиш республикачилар партияси Макрон билан қатор соҳаларда, хусусан, пенсия ёшини 65 ёшга етказиш бўйича музокара ўтказиши мумкин. Аммо бу келишувнинг тўлови ҳам бор. Тахмин қилишича, Макроннинг марказлашган бошқарув тизими бу келишувлар сабаб аста-секин ўнглаша боради. Ҳатто ички коалицияда ҳам президент мустаҳкам позицияда бўлмайди.

Франция конституцияси Макронга учинчи марта президентликка ўз номзодини қўйишни тақиқлайди, шу сабаб унинг иттифоқчилари, масалан, собиқ бош вазир Эдуар Филипп президентлик дастурини бошлаб юбориши мумкин.

Асосий муаммо эса қайта тикланаётган мухолифат томонидан кутилмоқда. Оддий мухолифат эмас, бутун бошли сўлчи кучлар коалициясига айланган, ёш, радикал Жан-Люка Меланешон етакчилигидаги мухолифат. Шунингдек, ултра ўнгчилар ҳам Макронга муаммо туғдириши мумкин. Икки томондан бўладиган босим эса Макроннинг баъзи йирик ислоҳотларига чек қўяди, масалан, пенсия ёшини ошириш ислоҳотига.

Энди ўзининг легитимлигига таянган мухолифат исталган вақтда қаршиликсиз одамларни кўчага олиб чиқиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, Францияни бошқариш жуда қийин бўлиб қолади.

Жан-Люк Меланшон коммунистлар, социалистлар, яшиллар ва ўзининг ўта сўл партиясидан коалиция шакллантирди.
Фото: Reuters

Ўз муаммоларининг меъмори

Кўпчилик Макрон бугун дуч келаётгани муаммоларни ўзи яратди деб ҳисоблайди. Аввало у президентлик сайловидаги ғалабадан фойдаланган ҳолда ўз партиясининг парламентда кўпчилик бўлишини таъминлай олмади. Бундан ташқари, Макрон сайловолди кампаниясида деярли иштирок этмади. Бош вазирликка Элизабет Борнни тайинлашни эса бир неча ҳафта кутди. Унинг таланти сайловчилар билан яхши муносабатда эмаслигини ёпиб кета олиш учун етарли эмас деб ҳисоблашмоқда.

ОАВда ҳам Макронга қарши зарбалар ёғдирилди. Ҳукуматдаги вазирлардан бири жуда ноўрин вақтда зўрлашда айбланди. Парижда ўтган ЕЧЛ финалидаги жанжал эса маҳаллий жиноятчилик ошиб бораётгани, жамоат тартибини сақлашдаги муаммоларни кўрсатиб қўйди. Ҳукумат бу муаммода ҳар қанча «Ливерпул» мухлисларини айблашга уринмасин аслида одамлар барчасини кўриб бўлди.

Шу ва шунга ўхшаш бошқа можаролар одамларни Ле Пеннинг партиясига овоз беришга ундаган бўлиши мумкин. Чунки сайловлардан аввал энг оптимистик тахминларда ҳам Ле Пеннинг «Миллий бирлашиш» ҳаракати кўпи билан 40 та ўрин олиши тахмин қилинганди. Натижалар эса Ле Пен бундан икки баравар кўп овоз олганини кўрсатди.

Францияда президентнинг ваколатлари ошган Бешинчи республика даврига ўтилганидан буён президентларнинг иккинчи муддати одатда муваффақиятли кечмаган. Ҳозир айниқса бунга ишониш қийин, чунки Макронга унга бўлган муҳаббат сабаб эмас, рақобатчиларига бўлган нафрат сабаб овоз беришгани ҳақиқатга яқинроқ.

Кўпроқ янгиликлар