АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди

Ўзбекистон 15:31 / 21.06.2022 3596

Суҳбатда АҚШ томонига мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳақида батафсил ахборот берилди.

USTR вакили Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги муҳим ютуқларини олқишлар экан, “Cotton Campaign” коалицияси пахта бойкоти бекор қилиниши мажбурий меҳнатни бартараф этишда эришилган муваффақият яққол эътирофи эканини таъкидлади.

Кристофер Уилсон сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ. Шу муносабат билан у Америка томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳ 5-мажлисида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Ушбу жараён мураккаблигини тан олган ҳолда К.Уилсон бу масалада Америка томони доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Бундан ташқари, савдо вакили ўринбосари USTR Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битим (TIFA) доирасида умумий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Шу нуқтайи назардан, USTR вакили электрон савдони ривожлантириш масаласида Ўзбекистон томони билан мувофиқлаштириш соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга умид билдирди, бу минтақа мамлакатлари глобал етказиб бериш занжирига интеграциясини чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

К.Уилсон, шунингдек, фаолият хотин-қизлар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича бошқа TIFA ишчи гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланишига умид қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Вашингтонда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов АҚШ меҳнат вазири ўринбосари Теа Ли билан музокара ўтказди.

Томонлар халқаро брендлар ишончини мустаҳкамлаш ва масъулиятли маҳсулот етказиб берувчиларни танлашда мамлакат рақобатбардошлигини таъминлаш учун мустақил касаба уюшмаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилди.

Учрашувда АҚШ Меҳнат вазирлигининг 2 млн долларлик “Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш” лойиҳаси амалга оширилиши ҳам муҳокама қилинди.

Лойиҳа меҳнаткашлар (касаба уюшмалари ташкилотлари) жамоавий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, маҳаллий пахта саноати корхоналарида халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ тадбиркорлик ва меҳнат муносабатлари қоидаларига риоя этилишини ва лозим даражадаги корпоратив бошқарувни таъминлаш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Учрашув якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, муносиб меҳнат шароитларини яратиш соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан доимий алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Жорж Вашингтон университетининг машҳур Тўқимачилик музейида эса Ўзбекистон тўқимачилик соҳасида биргаликда тижорат ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш салоҳияти намойиш этилди.

Тақдимот вақтида Ўзбекистон кластер тизимида қўлланиладиган етказиб бериш занжирларида кузатишни таъминлаш механизмлари, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув стандартлари (ESG), тайёр тўқимачилик маҳсулотлари транспорт йўналишлари ва экспорт бозорлари ҳақида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга изоҳлар берилди.

Вашингтон шаҳрида Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” раҳбарлари – конгрессмен-демократ Висенте Гонсалес ва республикачи конгрессмен Трент Келли билан учрашув ўтказди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Трент Келли АҚШ Конгресси Ўзбекистонга нисбатан “Жексон-Вэник” тузатишини қўллашни тугатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга содиқ эканига ишонтирди.

Конгрессмен Висенте Гонсалес ҳозирда 17 нафар конгрессмен аъзо бўлган АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” муҳим аҳамиятга эканини қайд этди. В.Гонсалес ушбу дўстлик гуруҳи ҳақида гапирар экан, коронавирус пандемияси даврида барча кокуслар таркиби камайган бўлса-да, фақат “Ўзбекистон бўйича кокус” сафи кенгайганини ва ҳозирда у катта куч билан фаолият олиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” раҳбарлари билан учрашув якунида Ўзбекистон-Америка кун тартиби долзарб масалалари бўйича доимий алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва икки мамлакат қонун чиқарувчилари ўзаро ташрифлари орқали парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Кўпроқ янгиликлар