Ўзбекистонлик дастурчилар Facebook’дан лойиҳа учун грант ютиб олишди

Ўзбекистон 14:45 / 26.05.2022 14537

Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазаев Жанубий Кореялик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда Ami руҳий саломатлик бўйича стартап ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритдилар. Инвестициялар ҳажми 3 миллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар берди.

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

Қайд этилишича, лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган, негаки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган.

Биз Ami жамоасининг иштиёқи ва истеъдодидан ҳайратдамиз. Уларнинг Осиё аҳолисига руҳий саломатликларини сақлаш йўлида яна бир усул тақдим этиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқчимиз”, деди Сунита Парасураман, “Meta” компаниясининг инвестициялар бўлими раҳбари.

Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ami стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа асосчилари, жамиятда руҳий саломатлик аҳамияти ҳақидаги билимларни оширишни ўзлари учун олий мақсад деб билишади.

Молиялаштириш босқичида Мeta’га инвесторлардан “Goodwater Capital” (“Kakao”, “Coupang” va “Viva Republica”), “Strong Ventures”, “January Capital” ва “Collaborative Fund” келиб қўшилган.

Маълумот учун, нукуслик Азиз Муртазаев бунгача Facebook'да, Бекназар Абдикамалов эса Amazon'да ишлаган.

Бундан олдин Kun.uz Amazon'да фаолият олиб борган нукуслик Бекназар Абдикамаловдан интервю олган эди. У ҳозир Amazon'даги фаолиятини якунлаб, асосий эътиборини ўзининг Ami руҳий саломатлик бўйича стартап лойиҳасига қаратган.

Кўпроқ янгиликлар