“Мард ўғлон” можароси: Ҳужжатига ёлғон аралаштирганлар барча мукофотларга қатнашишдан маҳрум қилиниши мумкин

Ўзбекистон 15:54 / 22.05.2022 19174

“Яхшиси, бу табаррук соҳага қадам қўйманг...”

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров 20 май куни Facebook’даги саҳифасида медиа соҳасига кириб келаётган айрим ёшларга “Яхшиси, бу табаррук соҳага қадам қўйманг, жамиятга ҳам, ўзингизга ҳам зарар қилманг”, деган видеомурожаат билан чиқди.

Унда айтилишича, раис Ёшлар ишлари агентлиги таклифи билан нуфузли мукофот учун ҳужжат топширган номзодлар ишларини баҳолаш бўйича комиссияда иштирок этган. Ўсаров ишлар билан яқиндан танишгач, номзодлар ишлари орасида қалбакилаштириш ва сохтакорликни сезган.

“Энг аянчлиси, бўлғуси журналистлар, адолат учун курашадиган ёш кадрлар томонидан шу иш қилинганлиги мени ниҳоятда дарғазаб қилди”, – деган уюшма раиси.

Видемурожаатда ҳужжатларини қалбакилаштиришга уринган номзодлар ишидан мисоллар келтирилган. Жумладан, Қорақалпоғистон университети 4-босқич талабаси ўзининг тавсифномасида 2019 йил “Олтин қалам” миллий мукофотини ва 2020 йил республикада “Энг яхши блогер” танловида 2-ўринни қўлга киритгани ҳақида ёзган. Бироқ Олимжон Ўсаровга кўра, “Олтин қалам” мукофоти ғолиблари рўйхати текширилганда бу йигит номи чиқмаган ва 2020 йилда “Энг яхши блогер” танлови ўтказилмаган.

Бундан ташқари, яна бир жиззахлик йигит 2021 йилда “Йилнинг энг яхши журналисти” мукофотини қўлга киритгани ҳақида маълум қилган ва бу маълумот ҳам ёлғон экани таъкидланган.

“Кишини энг таажжубга соладигани, – деган уюшма раиси, – қашқадарёлик ҳамкасбимиз журналист шунақанги танлов ва мукофотларни ихтиро қилиб, унга соҳиб бўлганини кўриб ёқа ушлаймиз. ... 2019 йилда Қирғизистонда чоп этилиб, Марказий Осиё тарихчилар ва ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниб, “Турон бирлиги” медали билан тақдирланди. Халқаро Турон ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига қабул қилинди…”.

Видеода юқоридаги каби бир нечта номзодлар ишлари санаб берилган. Олимжон Ўсаровнинг ўзи билан боғланганимизда, у мукофотнинг бошқа йўналишларида ҳам шундай ҳолат кузатилганини маълум қилди.

“Мен фақат маданият йўналишидаги ишларни кўришда қатнашганман. Ва бу йўналишдаги ишларда журналистика ишлари ҳам топширилган. Лекин бошқа йўналишларда ҳам худди шундай ҳолатлар йўқ, деб бўлмайди. Чунки бизнинг рўпарамизда санъат йўналишидаги ишларни текширишди. Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ҳам худди шундай фикрларни айтаётганини эшитдим”, – деди уюшма раиси.

Жамоатчилик фаоллари муносабати

Жамоатчилик вакиллари Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларида воқеага муносабатларини билдиришган. Журналист ва блогер Муслим Мирзажонов “Нобель мукофотини олганман”, демабди холос, деб ёшларнинг мукофотга ўчлигини танқид қилган.

“Мукофотпарастлик, унвонхўрлик қон-қонимизга сингиб кетган-да ўзи! Менга қолса, эскича пропаганда усули бўлган шунақа мукофотларни тугатардим.

Катта арава қаердан юрса, кичига ҳам шу ердан юради, деганларидек, ёшларам ўзимиздан ранг оляпти-да”, – деб ёзган блогер.

Jurnalist.uz телеграм канали муаллифи Нозима Тошпўлатова мукофотга лойиқларни аниқлашда ҳакамларнинг сергаклиги муҳим эканлиги ҳақида ёзган.

“Ўтган йили интернетда “Марказий Осиёдаги энг фаол ёш олим” деган дипломларини мақтаниб роса қўйишди турли соҳаларда ўқиётган ёшлар. Қизиқиб кўрсам у шунчаки пули тўланса сотиб олинадиган матоҳ экан. Энг ёмони ўша мақтаниб қўйган ёшлар кейин ўзимизнинг мукофотларгаям эришди. Битта соҳада ўнта энг яхши бўлмайди-ку, деб савол ҳам беришмагандир уларни мукофотлаётганлар”, – деган журналист.

“Тақдим этилган ҳужжат маълумотлари қанчалик асосли экани ўрганилмоқда”

Агентлик матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодировнинг Kun.uz’га маълум қилшича, Олимжон Ўсаров “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳакамлари қаторида бўлган ва агентлик ҳайъат аъзолари сифатида таклиф этилган эксперт фикрларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ҳозир Олимжон Ўсаров видеомурожаатида тилга олган ҳужжат эгалари чақиртирилиб, улар тақдим этган маълумотлар қанчалик асосли экани ўрганиб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, агентлик танлов ва мукофотларга ҳудудлардан ҳужжат қабул қилиш жараёнини такомиллаштириш, ҳужжатларни республикага келгунга қадар мукаммаллаштириш йўлларини кўриб чиқаётганини билдирди.

Агентлик келгусида, – дейди Абдуқодиров, – экспертларга узоқ йиллик тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш орқали экспертлар сафини кенгайтириш ва ҳужжатларига нотўғри маълумот киритган ёшларни алоҳида рўйхат қилиб, келгусида барча танлов ва мукофотларга ҳужжат топширишдан маҳрум қилиш каби ҳаракатларни илгари суради”.

Нега “Мард ўғлон” талаш?

Президент қарорига кўра, 2017 йилда таъсис этилган “Мард ўғлон” давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади.

Мукофотнинг республика босқичига туман ва вилоят босқичидан сараланиб, ҳар йили 200дан ортиқ ҳужжат қабул қилинади. 14 ҳудуднинг ҳар биридан 2 нафардан ёш, жами 28 киши ҳар йили “Мард ўғлон”га сазовор бўлади.

Мукофотнинг 2 асосий афзаллиги бор. Биринчиси, мукофот соҳибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул берилади. Иккинчиси, мукофот соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура босқичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

Аслини олганда, мукофотни қўлга киритиш ўқишга имтиҳонсиз, давлат гранти асосида киришнинг осон йўлларидан бири. Бундай имкониятни кўп абитуриентлар орзу қилади. Юқоридаги видеомурожаатда қалбакилаштирилгани айтилган маълумотлар ҳам айрим номзодларнинг ўқишга кириш илинжида ўйлаб топган йўллари бўлса ажаб эмас.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz журналисти 

Кўпроқ янгиликлар