Шри-Ланка бош вазири мамлакатда бир кунга етадиган бензин қолганини айтди

Жаҳон 22:00 / 16.05.2022 12299

Шри-Ланка бир кунлик бензин захирасига эга, деб маълум қилди мамлакат бош вазири Ранил Викремесингхе.

"Айни пайтда бизда бир кунга етадиган бензин захираси бор. Кеча келтирилган дизел ёнилғиси сабабли дизел ёнилғиси етишмовчилиги бирмунча бартараф этилади. Ҳиндистон кредит линияси доирасида 18 май ва 1 июн кунлари яна дизел ёнилғиси келтирилади. Бундан ташқари, 18 ва 29 май кунлари бензин келтирилиши кутилмоқда", - дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган News First нашри.

Викремесингхенинг қайд этишича, "молия вазирлиги газ импорти учун 5 миллион доллар топа оладиган ҳолатда эмас".

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда электр энергиясининг ўчиши кунига 15 соатгача етиши мумкин.

“Биз бу инқирознинг олдини олиш учун пул олдик. Шунингдек, истеъмолчиларни газ билан таъминлаш учун зудлик билан 20 миллион доллар олишимиз керак", - дея қўшимча қилди бош вазир.

Ранил Викремесингхе ўтган ҳафтада бир неча кунлик оммавий тартибсизликлар ва намойишлар сабабли истеъфога чиққан Махинд Раджапаксанинг ўрнига бош вазир бўлди.

Кўпроқ янгиликлар