Oқ-қора экранли смартфон
Хитойнинг Hisense компанияси 6,1 дюймли E-Ink-дисплейга эга A9 смартфонини намойиш этди. Унинг нархи 1800 юан (265 доллар) деб баҳоланган.

Hisense A9 смартфонида асосий экран сифатида электрон сиёҳли (E-Ink) экрандан фойдаланилган. Бундай экранларга қуёш нури тўғридан тўғри тушиб турганида ҳам кўриш даражаси ёмонлашмайди. Бундан ташқари, E-Ink-дисплейлар IPS ёки OLED экранларга нисбатан камроқ энергия сарфлайди.
Смартфон 13 Мп асосий ва 5 Мп орқа камера билан жиҳозланган, ён томонида эса бармоқ излари сканери жойлашган.
Hisense A9га Qualcomm Snapdragon 662 чипи ўрнатилган, унинг доимий хотираси 128 ГБ, тезкор хотираси эса 4 ёки 6 ГБ.
Смартфоннинг аккумулятори сиғими 4000 мАсга тенг.
iPod ишлаб чиқариш тўхтатилади

Аpple компанияси iPod ишлаб чиқаришни тўхтатиши ҳақида эълон қилди. Қайд этилишича, қурилма сотуви омборлар ва дўконларда захиралар тугагунга қадар давом этади.
«Плеер ўз вақтида йўлда мусиқа тинглаш учун чиқарилганди, бироқ ҳозирда бу функция амалда барча Аpple қурилмалари, хусусан, телефонлар, ақлли соатлар ва планшетларда ҳам мавжуд», дейилади компания хабарида.
Маълумот учун, дастлабки iPod 2001 йилда пайдо бўлган. У қора ва оқ экран, 5 Гб хотира ва ғилдирак кўринишидаги механик бошқарув тугмаларига эга бўлган. Кейинроқ Аpple плеeрнинг бир нечта версияларини чиқарди. Қурилма рақамли мусиқа дўконлари оммалашишига катта ҳисса қўшган. Дастлабки iPod чиқарила бошлангандан икки йил ўтгач, iTunes дўконидан ўн миллионинчи қўшиқ юклаб олинган.
Қора туйнук тасвири

Event Horizon Telescope (EHT) астроном ва олимлар жамоаси биринчи марта Ер сайёраси жойлашган Сомон йўли галактикаси марказидаги ўта массив қора туйнук Sagittarius A тасвирини эълон қилди.
Қайд этилишича, одамлар олинган тасвир орқали қора туйнукнинг ўзини кўра олмайди, чунки у мутлақо қоронғи. Фақатгина унинг атрофидаги нур сочувчи газнинг ўзига хос аломатини кўриш мумкин.
«Ҳалқанинг катталиги Эйнштейннинг умумий нисбийлик назарияси тахминларига қанчалик мос келишидан ҳайратда қолдик. Бу мисли кўрилмаган кузатишлар галактикамиз марказида содир бўлаётган жараёнлар ҳақидаги тушунчамизни анча яхшилади», — дейди олим Жеффри Бауэр.
Sagittarius A Ердан тахминан 27 минг ёруғлик йили масофасида жойлашган. Қора туйнук диаметри Қуёш диаметридан қарийб 17 марта катта ҳамда ундан тўрт миллион марта оғир.
Қозоғистонда турк дронлари ишлаб чиқарилади

Қозоғистонда Туркиянинг ANKA зарба берувчи дронларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Türk Havacılık ve Uzay Sanayi AŞ (TUSAŞ) аэрокосмик компанияси хабар берди.
Қозоғистон делегациясининг Анқарага ташрифи доирасида TUSAŞ ва Kazakhstan Engineering компаниялари ўртасида Қозоғистонда ANKA дронларини ишлаб чиқариш тўғрисида келишув имзоланган.
Дронларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари ҳам Қозоғистондаги қўшма корхонада олиб борилади.
Қозоғистон ANKA дронларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган биринчи хорижий давлат бўлади.
“Пиёда юрадиган” машина

Hyundai UMV ёки Ultimate Mobility Vehicles деб аталадиган бир нечта пиёда юрадиган транспорт воситалари концепцияси устида ишламоқда.
Шу мақсадда компания Бозмандаги университетда тахминан 20 миллион долларга янги тадқиқот маркази қуради. Марказ қадам ташлаб юрадиган автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Таъкидланишича, роботга ўхшаш янги транспорт тўртта электр ғилдирак билан жиҳозланади, уларнинг ҳар бири бўғимли «оёқ»ларга ўрнатилади. Улар ҳар қандай йўналиш ва шароитда эгилиш, кўтарилиш ва қайрилишни билади. Тўсиқлардан ошиб ўтиши, қийин чўққиларга чиқиши ва тушиши мумкин. Автомобил тўлиқ автоном тартибда ишлайди, шунинг учун унинг салонида йўловчиларга жой йўқ.
iPhone 14 Maxʼнинг хусусиятлари
iPhone 14 Max жорий йилнинг куз фаслида сотувга чиқарилиши режа қилинган. Манбанинг ёзишича, смартфон 2248 х 1284 пикселли ва 6,68 дюймли OLED-дисплей билан жиҳозланади. Шунингдек, A15 Bionic бир чипли тизими асосида ишлаб чиқарилади ҳамда 6 Гб LPDDR4X оператив хотира ва 128 Гб ёки 256 Гб ички флеш-хотирага эга бўлади.
Смартфоннинг орқа томонида 12 мегапикселли иккита тасвир сенсоридан иборат қўш камера ўрнатилади. Бундан ташқари, олд камеранинг сифати яхшиланиши ва сунъий йўлдош орқали алоқа қилиш имконияти ҳам қўшилиши мумкин.
Хабар қилинишича, 6 Гб тезкор ва 128 Гб флеш-хотирага эга iPhone 14 Max версияси 900 доллардан сотувга чиқарилади.
Таржимон кўзойнак

Яқинда тақдим этилиши кутилаётган Google Glass’нинг прототипи видео шаклида намойиш этилди. Ақлли кўзойнак реал вақт давомида линзада матн ва таржимани акс эттиради. Унда Google Translate ёрдамида субтитрлар тузилади. Янги инновацион технология эшитиш қобилиятида нуқсони бор инсонлар учун бир қанча қулай имкониятларни тақдим этади.
«Биз тил тўсиқларини енгиб ўтиш имконини берувчи технология устида ишлаяпмиз», дейди Google компаниясининг маҳсулотларни бошқариш бўйича директори Эдди Чун.
Google Glass’нинг хусусиятлари ва техник ўзига хосликлари ҳақида тўлиқ маълумот берилмади. Субтитр линзада қандай кўриниши ҳам очиқланмаган.