Янги iPhone 14
Apple компанияси жорий йилнинг сентябрь ойида тўртта янги iPhone моделини тақдим этишни режалаштирмоқда: 6,1 дюймли iPhone 14, 6,7 дюймли iPhone 14 Max, 6,1 дюймли iPhone14 Pro ва 6,7 дюймли iPhone 14 Pro Max.
iPhone 14’нинг иккала Pro модели ҳам янги А16 Bionic чипга ва бошқа iPhone моделларига қараганда каттароқ оператив хотирага эга бўлиши кутилмоқда.
Баъзи манбаларга кўра, iPhone 14 смартфони 799 доллардан, iPhone 14 Pro Max эса 1199 доллардан сотувга чиқарилиши мумкин.
Huawei’нинг 108 мегапикселли камерага эга янги смартфони

Huawei компанияси Nova 9 SE смартфони тақдимотини ўтказди. Qualcomm Snapdragon 680 процессори билан жиҳозланган янги гаджетнинг экрани 6,78 дюйм, кадр частотаси эса 90 Гц.
Асосий камераси 108 мегапикселга тенг. Камерада шунингдек, 8 Мп (кенг бурчакли объектив билан), 2 Мп (макро суратлар учун) ва 2 Мп (манзарани таҳлил қилиш учун) датчиклар мавжуд.
Nova 9 SE аккумулятори сиғими 4000 мА·с. Смартфон HarmonyOS 2.0.1 операцион тизимида ишлайди. Хитойда тезкор хотираси 8 ва доимий хотираси 128 Гб бўлган Nova 9 SE 340 доллар деб баҳоланмоқда. Тезкор хотираси 8 ва доимий хотираси 256 Гб.ли версияси эса салгина қимматроқ — 370 доллар.
Instagram’нинг Россиядаги маҳаллий муқобили

Тelegram асосчиси Павел Дуровнинг синфдоши Александр Зобов ва тадбиркор Кирилл Филимонов томонидан Rossgram номли платформа ишга туширилди.
Rossgram Instagram’даги барча одатий функцияларга эга бўлади. Ҳозирда муаллифлар блогерлар ва ҳамкорларга турли имтиёзларга эга бўлган янги ижтимоий тармоқнинг биринчи фойдаланувчилари бўлишни таклиф қилишмоқда.
Таъкидланишича, Rossgram қўшимча монетизация воситаларини тақдим этади. Хусусан, контентга пулли кириш, краудфандинг (маблағ йиғиш) ва реферал дастур.
Аввалроқ, «Роскомнадзор» Россия ҳудудида Instagram ижтимоий тармоғига киришни чеклаб қўйганди.
Xiaomi’нинг халқаро бозор учун мўлжалланган смартфонлари

Xiaomi компанияси халқаро бозор учун мўлжалланган Xiaomi 12, Xiaomi 12 Pro ва Xiaomi 12X смартфонларини намойиш этди.
Асосий модел ҳисобланувчи Xiaomi 12 Pro Snapdragon 8 Gen 1 процессори ва 6,73 дюймли AMOLED-экран билан жиҳозланган. Унга ҳар бири 50 Мп бўлган учта камера ўрнатилган. Аккумулятор сиғими 4600 мАс.
Xiaomi 12 сал оддийроқ – унинг экрани 6,3 дюймга тенг. Смартфон 50, 13 ва 5 Мп бўлган учта камера билан жиҳозланган. Аккумуляторининг сиғими 4500 мАс бўлиб, симли ва симсиз қувватланиш хусусиятига эга.
Xiaomi 12X эса 12-модел билан бир хил, фақат унга Snapdragon 870 процессори ўрнатилган ва симсиз қувватланиш хусусияти йўқ.
Xiaomi 12X 650 доллар, Xiaomi 12 Pro эса 1000 долларга баҳоланмоқда.
Tesla электромобиллари нархини оширди

Tesla компанияси электромобиллари нархи оширилганини эълон қилди. Қайд этилишича, бу жорий ой давомидаги иккинчи марта нарх оширилишидир. Эндиликда базавий Model 3 электромобили нархи 46990 доллардан бошланади ва Model X Tri нархи 138990 долларга тенг бўлади. Компания нархлар кўтарилишини чиплар етишмовчилиги ва логистика занжиридаги узилишлар билан изоҳлаган.
Бундан ташқари, Россия-Украина низоси туфайли электромобил ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган металлар (пўлат, никел ва палладий) нархи кўтарилган.
Шунингдек, хомашёнинг кескин суръатларда қимматлашиши туфайли Tesla’нинг асосий рақобатчиси бўлган Хитойнинг BYD компанияси ҳам электромобиллари нархини 471 доллардан 942 долларгача оширишга мажбур бўлган.
Audi заводларидан бири фаолиятини тўхтатди

Audi компанияси етказиб бериш тизимидаги узилишлар сабабли Германиянинг Неккарзулм шаҳридаги заводи ишини тўхтатди.
Қайд этилишича, бунга Украинадан олиб келинувчи бутловчи қисмлар етишмаётгани, шунингдек, пандемия сабабли логистиканинг бузилиши ва яримўтказгичлар етишмовчилиги каби муаммолар ўз таъсирини кўрсатган.
Неккарзулмдаги заводда Audi A6, A7, A4, A5 моделлари ишлаб чиқариларди.