Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳодир Жалолов номидаги бокс спорт маҳорати мактаби ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастика спорт маҳорати мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий Олимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Баҳодир Жалолов номидаги бокс спорт маҳорати мактаби ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастика маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қуйидагилар Баҳодир Жалолов номидаги бокс спорт маҳорати мактаби ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастика маҳорати мактабининг молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:
- давлат бюджети маблағлари доирасида;
- фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва маҳорат мактабларининг уставидаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;
- асосий машғулотлар ўтказиладиган вақтда бўш бўлган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилаб қўйилишича:
- Баҳодир Жалолов номидаги бокс спорт маҳорати мактаби ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастика маҳорати мактаби Туризм ва спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар бош бошқармасининг идоравий мансуб ташкилотлари ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансга, Молия вазирлиги Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, бурчакли штампга, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўлади;
- бокс мактаби ва гимнастика мактаби Вазирлар Маҳкамасининг “Олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган тартибда фаолияти амалга оширади;
- бокс мактабига ҳар йили 25 нафаргача иқтидорли, қоида тариқасида, 10-11 ёшдаги спортчилар 7 йил муддатга ўқиш учун қабул қилинади, спортчиларнинг умумий контингенти 175 нафар;
- гимнастика мактабига ҳар йили 15 нафаргача иқтидорли, қоида тариқасида, 5-6 ёшдаги спортчилар 11 йил муддатга ўқиш учун қабул қилинади, спортчиларнинг умумий контингенти 165 нафар;
- бокс мактаби ва гимнастика мактаби спортчиларини умумтаълим дастурлари бўйича ўқитиш яқин-атрофда жойлашган умумтаълим мактабларида амалга оширилади;
- бокс мактаби ва гимнастика мактаби ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови бекор қилинади ҳамда ўқувчилар тўлиқ давлат бюджет маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади;
- бокс мактаби ва гимнастика мактабининг раҳбар ва ходимларига олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
Белгиланишича:
- давлат бюджети маблағлари доирасида маҳорат мактаблари ўқувчилари турар жой, кунига тўрт марта овқатланиш, спорт анжомлари, формаси, асбоб-ускуналар ва инвентарь билан таъминланади;
- 2025 йилдан йиллик харажатлар сметасининг умумий миқдорининг 80 фоизи давлат бюджети маблағлари, 20 фоизи ўзининг йўналишидаги бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
- 2028 йилдан 60 фоизи республика бюджети маблағлари, 40 фоизи ўзининг йўналишидаги бюджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Миллий Олимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йил 1 августга қадар:
- Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Сарикўл кўчаси, 24 м-уй манзилида жойлашган 175-сон умумтаълим мактабига туташ ҳудудда замонавий гимнастика мактабини;
- Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 9-мавзеда жойлашган 259-сон умумтаълим мактаби ҳудудида замонавий бокс мактаби ташкил этилишини таъминлайди.
Белгиланишича, барпо этилиши режалаштирилган бокс ва гимнастика спорт маҳорати мактабларининг қуриш-монтаж ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш 2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида спорт соҳасига йўналтириладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.