Европанинг сўнгги диктатори: Лукашенконинг ҳокимиятга келиши ва кетмаслиги тарихи

Жаҳон 12:30 / 16.01.2022 50251

Чизгилар:

* СССР парчаланишини «Йигирманчи асрнинг геосиёсий фалокати» деб атаган;

* 1975-1977 йилларда КГБ чегара қўшинларида хизмат қилган;

* Унинг беларусча исм-шарифи Аляксандр Рыгоравіч Лукашэнка;

* 1987 йилда «Городец» совхози директори этиб тайинланади ва биринчилардан бўлиб ижара пудратини йўлга қўяди;

* Отаси тўғрисида бирор маълумот йўқ, онаси уни ёлғиз ўстирган. Бобосининг келиб чиқиши украин эканлиги тўғрисида гаплар тарқалган ва кейинчалик рад этилган;

* Виктор, Дмитрий, Николай исмли ўғиллари бор. Катта ўғли Виктор президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси ҳисобланади. Кичик ўғли Николай эса мудом отасининг ёнида, у намойишлар пайтида ҳам отаси ёнида автомат кўтариб юрганди;

* Евросиё бўйича энг узоқ «тахтда турган» давлат раҳбари. У 27 йилдан ортиқ вақтдан буён мамлакатни бошқариб келмоқда;

* Мактабда тарбияси оғир болалар сафида турган ва милиция рўйхатига олинган;

* 1991 йилнинг 25 майида «Народная газета»да «Диктатура: беларусча вариант?» номли мақола чиқарган;

* Илк бор президентликка номзод бўлган пайтлари «Етмиш ёшлилар даври якунланмоқда! Давлат тепасига ёшлар келиши лозим» деган чақириқлар билан чиққан. Кейинчалик ҳокимият тепасига келганидан кейин конституцион муддат якунига кўра лавозимидан кетишини таъкидлаган;

* Президентликдан ташқари Беларусь олий бош қўмондони, Хавфсизлик кенгаши, Россия-Беларусь иттифоқи, мамлакат олимпия қўмитаси раиси;

СССР қўриқхонаси

Александр Лукашенконинг совхозда директорлик қилганини кўпчилик билади. Унинг гап-сўзлари ҳам жайдари деҳқонларга ўхшайди. У кўп танқид қилинса-да, чиндан ҳам хўжалик ишларига жуда уста, далаларни, фермаларни айланишни хуш кўради, ишлаб чиқариш, саноатда кўп бўлади. Адолат юзасидан айтиш мумкинки, Беларусь бу соҳаларда постсовет ҳудудида анча илғор ва ўзига хос режали иқтисод моделини сақлаб қола олган. Бу мамлакатни бежиз СССР музейи ёки ўзига хос қўриқхонаси деб аташмайди.

Шу билан бирга, Лукашенконинг ташқи ва ички сиёсати мунтазам ва кескин танқидлар нишонида. Энг қизиғи – ҳамма узоқдан туриб Европага интилса, унинг кўҳна қитъа остонасида яшаб шарқ, аниқроғи Россия томон интилиши мутойибаларга сабаб бўлган.

Отасиз ўтган ёшлик

1954 йилнинг 30 августида Витебск областининг Копись шаҳарчасида дунёга келган Александрнинг отаси ким эканлиги бирор жойда қайд этилмаган. Унинг онаси Екатерина Лукашенко урушдан кейин шаҳардаги комбинатда ишлайди, ўғли туғилганидан кейин қишлоққа қайтади ва фермада сут соғувчи бўлиб ишлай бошлайди. Мактабни ўқитувчилардан мунтазам дакки эшитиб битирган Саша 1975 йилда Могилёв педагогика институтини тарих йўналишида тамомлайди. 1985 йилда эса у Беларусь қишлоқ хўжалик академиясини сиртдан тамомлаб, иккинчи дипломига эга бўлади. Ҳарбий хизматда у сиёсий бўлим инструктори, танк ротаси командирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари вазифаларини ўтайди. Шунингдек, у комсомолнинг фаол аъзоси бўлиб, бутуниттифоқ «Билим» жамиятида ҳам фаолият юритади.

Сиёсий қадамлар

1989 йилда Могилёв сайлов округидан СССР халқ депутатларидан номзод сифатида кўрсатилади. Аммо Вячеслав Кебичга 5 фоиз фарқ билан ютқазади. Қайта қуриш даврида, 1990 йилда Беларусь халқ депутати ва Олий совет муваққат кенгаши аъзосига айланади. СССР тарқалганидан кейин министрлар совети раиси Вячеслав Кебич ва Олий совет раиси Станислав Шушкевични аёвсиз танқид қилиши билан тилга тушади. 1991 йилда «Диктатура: беларусча вариант?» номли мақола ёзиб чоп эттиради ва унда ҳукуматни авторитаризм ҳамда диктатурада айблайди. Мамлакатни демократик бошқарув бўйича ўз қарашларини ифода этади.

«Мен коммунистик партия билетини ёқиб юбормаганман. Мен бу билетнинг аҳамиятини англаб етган ҳолда қўлга киритганман» деган Лукашенко «Беларусь коммунистлари демократия учун» партиясига аъзо бўлади ва танқидий чиқишларини давом эттиради.

1994 йилда президентликка ўз номзодини илгари суради, биринчи турда 44,82 фоиз овоз олиб, иккинчи турда В.Кебичга рақиб бўлади. 1994 йилнинг 10 июлида бўлиб ўтган иккинчи турда 80,1 фоиз овоз олиб, мустақил Беларуснинг биринчи президентига айланади. Унга қадар бу мамлакатда президентлик лавозими бўлмаган.

«Абадий» президентлик ва абадий танқидлар

Лукашенко фақат биринчи бор лавозимни эгаллаганида сайлов бўйича танқидга учрамаган. 2001 йилда бўлиб ўтган иккинчи президентлик сайловидан кейин эса ЕХҲТ унинг халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилмаганини қайд этган. Ундан кейинги сайловларнинг барчаси танқидлар, намойишлар ва ундан кейинги санкциялар билан қоришиб кетган. АҚШ ва Европа бу сайловлар натижаларини тан олмаган, 2020 йилга келиб Россия нашрлари ҳам Беларусдаги натижаларни танқид қила бошлади ва намойишларни энди бекитишнинг иложи қолмади.

Лекин шунга қарамай Лукашенко куч билан лавозимни сақлаб қола олди ва санкцияларга қарамай президентликни давом эттирмоқда.

Мухолифатчининг ҳавода тутиб олиниши ва Ўзбекистонни огоҳлантириш

Фото: t.me/bbbreaking

Шундоқ ҳам ҳамиша диққат марказида бўладиган Лукашенко сўнгги йилда икки марта жиддий тилга тушди. 2021 йилнинг май ойида у беларуслик машҳур мухолифатчи, Александр Лукашенконинг бевосита душмани Роман Протасевич учаётган самолётни тутиб қолишда айбланди. Самолёт Афинадан Вильнюсга қараб ҳаракатланаётган, шунчаки Беларусь устидан учиб ўтаётганди. Халқаро нормаларни қўпол равишда бузган махсус хизматлар мамлакат ҳудудида самолётни тўхтатиб, ерга қўндиришди ва мухолифатчи қўлга олинди.

Иккинчи ҳолат эса айнан Ўзбекистон билан боғлиқ – КХШТ йиғилишида қатнашаётганда у Қозоғистондаги тартибсизликлар ҳақида гапира туриб ҳе йўқ, бе йўқ бундай вазият Ўзбекистонда ҳам кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб қолди.

«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак. Акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», деди Лукашенко.

Ўзбекистон ТИВ бирор баёнот беришга шошилмаган бўлса-да, президент Шавкат Мирзиёев босиқлик билан вазиятга жавоб қайтарди:

«Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди. Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», деди давлат раҳбари.

Батьканинг бу ғалати баёноти аслида бошқа жойда «ёзилгани», Лукашенко ким учундир шунчаки карнай вазифасини бажариб бергани кўпчилик учун тушунарли эди. Қизиғи, бунга қадар ҳам ғалати баёнотлари билан тилга тушган Александр Лукашенко ўзини қайсидир давлатга ақл ўргатишга маънан ҳақли ҳисоблагани ғалати.

Аброр Зоҳидов

Кўпроқ янгиликлар