Қашқадарёда Nexia «Камаз» тиркамаси остига кириб кетди. Икки киши вафот этди

Ўзбекистон 19:06 / 14.01.2022 8142

Қашқадарё вилояти Нишон туманида Nexia «Камаз» юк машинасининг тиркамаси остига кириб кетган. Оқибатда, икки киши вафот этган, бир киши шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 11 январ куни соат 5:30 ларда 4Р-89 Қарши-Нишон-Толимаржон автомобил йўлининг Нишон тумани Кўксой маҳалласи ҳудудидан ўтган 35-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қарши-Нишон йўналишида ҳаракатланиб бораётган Nexia машинаси ўзидан олдинда йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб чиққан «Камаз» юк машинасининг тиркамасига бориб урилиб, унинг остига кириб кетган.

Оқибатда Nexia машинаси ҳайдовчиси ва йўловчиси оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этади. Яна бир йўловчи эса оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Нишон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йил 8 январ куни Деҳқонободда Сурхондарё вилоятида яшовчи ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt машинаси чуқурликка ағдарилиши оқибатида икки киши вафот этган, яна уч киши шифохонага ётқизилганди.

Шунингдек, 1 январ куни тез ҳаракатланган Cobalt машинаси бетон тўсиққа урилиб, 5 киши вафот этганди.

 

Кўпроқ янгиликлар