«Бу муносабатларимизга таъсир қилмайди» — «Толибон» вакили Ўзбекистон билан авиация техникаси бўйича муаммо ҳақида

Ўзбекистон 20:44 / 14.01.2022 34013

«Толибон» матбуот котиби Суҳайл Шаҳин авиация техникаси атрофидаги қарама-қаршиликлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, улар қардош давлатлар билан муносабатларга таъсир қилмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Telegram’даги «Нигоҳ» канали хабар берди.

У Ислом амирлиги Ўзбекистон билан азалдан яхши муносабатларга эга бўлгани ва эга экани ҳамда бу давлат узоқ вақтдан бери «Толибон»нинг сиёсий раҳбарияти билан яхши алоқа ўрнатганини қайд этган.

«Ўзбекистон Афғонистон халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатган, бунинг учун биз ундан миннатдормиз. Бу давлат Афғонистондаги мегалойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш ниятида. Биз иккаламиз ҳам мусулмон давлатмиз ҳамда бир-биримиз билан тинчлик ва биродарликда яшашни хоҳлаймиз. Биз бу ва бошқа ҳар қандай масалани дипломатия йўли билан ҳал қилишимизга ишонаман», деган у.

Аввалроқ «Толибон» мудофаа вазири мавлавий Муҳаммад Ёқуб Ўзбекистон ва Тожикистонни афғон вертолётларини қайтаришга чақирганди. У авиация техникалари Афғонистон бойлиги ҳисобланиши ва улар қайтарилиши кераклигини таъкидлаганди.

«Тожикистон ёки Ўзбекистонда турган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз ушбу самолётларнинг хорижда қолишига ёки ушбу давлатлар томонидан ишлатилишига рухсат бермаймиз», деганди Мулла Ёқуб. У агар давлатлар авиация техникаларини қайтариб бермаса, «оқибатларига дуч келишлари» ҳақида огоҳлантирди. 

Маълумотларга кўра, Афғонистон ҳукумати 164та ҳарбий самолёт ва вертолётга эга бўлган, ҳозирда эса уларнинг 81таси Афғонистон ихтиёрида. Қолганлари эса Афғонистондан олиб чиқиб кетилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар